АсосийSiyosat

Бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтиришимиз зарур— Президент

'Бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтиришимиз зарур— Президент'ning rasmi

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Давлат раҳбари  бўлиб ўтаётган йиғилишда  бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш кераклигини алоҳида таъкидлади:

"Маълумки, сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди. Кўпчиликнинг эсидан чиққан бўлиши мумкин, яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди.  Ушбу йиғимлар корхоналарнинг фойдасидан қатъий назар, оборотдан олиниб, уларнинг миқдори корхоналарнинг камида 20-25 фоиз фойдасига тенг бўлган. Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобига, 7 мингга яқин корхона ҳар йили ўртача 6 триллион сўм солиқ тўлашдан озод бўлдилар. Молк-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга камайтирилди. Аниқ мисоллар билан гапирадиган бўлсак, транспорт соҳасида солиқ юки – 3 баробар, озиқ-овқат саноатида – 2 баробар, тўқимачилик ва электротехника саноатида эса, 20 фоизгача камайди.", деди Президент.

Шу билан бирга Давлат раҳбари тадбиркорлар тўлайдиган қушимча қиймат солиғини туширилиши орқали  маблағлар бизнес учун тежаб қолингани ҳақида ҳам айтиб ўтди :

"Айниқса, пандемия даврида харажатларимиз кескин ошганига қарамай, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди, кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилиб, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилди. Бу эса, ўз навбатида тадбиркорлар ихтиёрида қолган 2 триллион сўм маблағни бизнес фаолиятига сарфлаш имконини берди.  Лекин, солиқ ставкалари ва солиқ маъмурчилиги бўйича тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган ҳақли саволлар ҳали жуда кўп.".

Президент тадбиркорларни хавотирга солаётган яна бир масала ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:

"Биринчидан, ўтган йили янги Солиқ кодекси амалга киритилганидан кейин, 23 та махсус иқтисодий зона иштирокчилари аввалги имтиёзларимиз сақланиб қоладими ёки йўқми, деб безовта бўлмоқдалар. Бу борада бир фикрни аниқ қилиб айтмоқчиман: 2020 йил февраль ойида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолинади. Шунингдек, ички бозорда тенг рақобат бўлиши учун экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга олиб келинган хом ашё импорт божидан озод этилади. Лекин, бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Биз қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш бўйича катта ислоҳотларни олиб бораяпмиз. Шу боис, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинади. Ушбу тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини беради. Бундан ташқари, четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди.", дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар