"Мир" телерадиоканали ва «Ўзбеккино» миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган қўшма лойиҳани амалга оширди.
"Мустақиллик. Миссия якунланди. Ўзбекистон" фильмининг премьераси 2021 йил 1 сентябрь куни "МИР" ва "МИР 24" телеканалларининг эфирида бўлиб ўтди.
28 дақиқали фильмда мамлакат мустақиллигининг шаклланиши, миллий ўзига хослиги, янги давлат тузумининг шаклланиши ва бозор иқтисодиётига ўтишнинг мураккаб йўли ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмда сўнгги беш йил ичида Ўзбекистоннинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон динамик ривожланаётган ва истиқболли мамлакат сифатида намойиш этилган.
Бундай натижаларга қандай йўл билан ва нима туфайли эришилди? Бугун Ўзбекистон учун иқтисодиёт ва халқаро сиёсатда қандай имкониятлар очилмоқда? Республика мустақилликка эришганидан 30 йил ўтиб қандай яшамоқда? Бу ва бошқа саволларга режиссёрлар ва воқеаларнинг бевосита иштирокчилари жавоб беришади: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, ҳукумат аъзолари ва вазирлар, бизнес, таълим ва маданият вакиллари. Томошабинлар замонавий Ўзбекистон ҳаёти ҳақидаги ноёб тарихий видеоматериаллар ва эксклюзив кадрларни кўришади.
"Лойиҳа устида халқаро гуруҳ ишлади", − деди "Мир" телерадиоканали бош директори Владимир Казарезов.
− Телерадиокомпания ходимлари билан биргаликда Ўзбекистон Кинематография агентлигининг ходимлари ҳам самарали меҳнат қилишди.
"Фильм СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистонда содир бўлган тарихий воқеаларга ва республиканинг Буюк Ипак йўли маркази − ўзининг тарихий ролига қайтишига бағишланган. Бугун Ўзбекистон Республикасида Учинчи Реннесанснинг пойдевори қўйилмоқда", - деди Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.
Таъкидланишича, ушбу фильм "МИР" телеканали ва Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан амалга оширилган иккинчи махсус лойиҳа ҳисобланади.