Яқинда юз берган айрим воқеалар муносабати билан кўп қаватли уйдаги турар жойнинг балконида жинсий алоқага киришиш мавзуси муҳокамаларга сабаб бўлди.
Шу боис, ҳуқуқий жамиятда бу каби ноодатий воқелик фуқаролар томонидан нотўғри талқин қилиниши ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳамда соғлом ахлоқий муҳитга салбий таъсир қилишининг олдини олиш мақсадида мазкур масалада ҳуқуқий тушунтириш беришни лозим, деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, шахсий ҳаёт дахлсиз, қонунчиликда белгиланган ёшга етган фуқаролар (ҳозирда 16 ёш) ўз ихтиёрларига кўра, жинсий ҳаёт кечиришлари мумкин. Сўнгги йилларда меҳмонхоналарга ўзаро никоҳда бўлмаган эркак ва аёлларнинг бирга жойлашишига оид таъқиқлар ҳам бекор қилинди, яъни айрим аҳлоқий масалаларни давлат тартибга солмайди, балки инсонлар ўзлари ўз шахсий ҳаётини ўз қарашларига кўра шакллантиради.
Шундай бўлсада, аҳлоқий муносабатларнинг ҳам чегараси мавжуд бўлиб, улар жамиятдаги барқарор ижтимоий муҳитни таъминлаш учун жуда зарур ҳисобланади. Шунинг учун, кўп қаватли уйдаги турар жойларнинг балконларида жинсий алоқа қилиш ҳуқуқий томондан кўриб чиқилиши зарур бўлган масаладир.
Шу каби ҳаракатга қандай жазо берилиши мумкин?
Агар, кўп квартирали уйнинг балконида намойишкорона, яъни бошқаларга очиқдан-очиқ кўриниб турган ҳолатда (деворлар ва ойналар билан ўралмаганлиги, кўчанинг барча учун кўриши мумкин бўлган тарафига қараганлиги ва б.) жинсий алоқа қилиш суд томонидан фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик деб баҳоланиши, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топиш учун асос бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, ушбу ҳаракатлар Жиноят кодекси 277-моддаси иккинчи қисми “г” банди (ўз мазмунига кўра умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан содир этилган безорилик) билан квалификация қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги
9-сонли “Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорига мувофиқ майда безорилик тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида берилган бўлиб, унинг мазмунига кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик жамоат жойларида уятли сўзлар айтиш, беҳаё қилиқлар кўрсатиш, фуқароларга нисбатан ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бошқача тарзда бузиш каби жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасликда ифодаланади.
Ушбу ҳолатда, айрим экспертлар балкон жамоат жойи тоифасига кирмаслиги, у хусусий мулкнинг бир бўлаги бўлганлиги учун унинг ҳудудида амалга оширилган жинсий алоқа қонунчиликни бузмаган ҳисобланади, талқинида шошма-шошарлик билан фикрлар билдирилди. Албатта, ушбу фикрлар аҳолини чалғитади ва турар жойларнинг балконида шундай ҳаракатларни бемалол қилиш мумкин деган нотўғри хулосага олиб келиши мумкин.
Чунки, МЖтКнинг 183-моддаси мазмунидаги “уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш” каби ҳаракатларни маъмурий ҳуқуқбузарлик деб топиш учун улар жамоат жойларида содир этилган бўлиши лозим бўлса, ушбу модданинг кейинги қисмида келтирилган “жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик” билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни содир этиш жойидан қатъий назар, “майда безорилик” деб баҳоланиши мумкин. Чунки фуқароларни осойишталиги фақат жамоат жойларида эмас, балки ҳар қандай жойда бузилиши мумкин ва балкондаги юқоридаги ҳаракатлар албатта бошқа фуқароларнинг осойишталигини бузади ва жамиятдаги ахлоқий муҳит ҳамда тарбияга жуда салбий таъсир қилади.
Бунда Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноий оқибатлар мавжуд бўлмаслиги керак.
Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик деганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, одоб ва ахлоқ нормалари, урф-одат, анъаналар билан белгиланган жамоат тартибини (одамлараро муносабатлар, юриш-туриш қоидалари, шаклланган ижтимоий турмуш тарзини) қўпол тарзда бузиш тушунилади.
Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисмининг “г” бандида кўзда тутилган безорилик ҳаракатларига баҳо беришда айбдорнинг айнан қайси ҳаракатлари ўтакетган беҳаёлик эканлигига ҳам алоҳида баҳо берилади.
Безорилик ҳаракатларини ўтакетган беҳаёлик билан содир этилган деб топишда ишнинг муайян ҳолатлари мажмуидан келиб чиқилади ҳамда содир этилган жиноятнинг хусусияти, вақти, жойи ва шарт-шароитларини инобатга олинади.
Хорижда қандай?
Мазкур ёндашувни тўғрилиги ва асослиги кўплаб ривожланган хорижий давлатлардаги қонунчилик ва амалиёт билан ҳам тасдиқланади.
Германияда уйларнинг балконларида жинсий алоқада бўлиш тўғридан-тўғри тақиқланмаган (Ўзбекистон каби). Хусусан шовқин бўйича талаб белгиланган бўлиб, агарда шовқин соат 22:00 дан кейин қўшниларнинг деразани ёпган ҳолда ухлашига халақит берса, судга арз билан мурожаат қилишлари мумкин.
Бироқ, жинсий алоқа қилаётган шахслар бошқа фуқаролар уларни кўрмаслиги ёки эшитмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўришлари керак. Акс ҳолда, улар нафақат жамоат тартибини бузганлик учун минг еврогача миқдорда жарима, балки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан ҳам жазоланиши мумкин (ГФР Жиноят кодексининг 183-моддаси).
АҚШда кўпгина штатларда жамоат жойларида жинсий алоқа қилишни тақиқловчи қонунлар мавжуд. Бироқ, ҳар бир ҳолатда қилмиш содир этилган жойни жамоат жойи ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги суд томонидан индивидуал ёндашув асосида ҳал қилинади.
Aгар шахс кундузги вақтда кўчада машинада жинсий алоқа билан шуғулланса ва бу йўловчиларга аниқ кўринадиган бўлса, унда машина салони жамоат жойи сифатида баҳоланиши мумкин.
Шу билан бирга, Нью-Йорк суди томонидан People v. McNamara, 585 N.E.2nd 788 (1991) иши бўйича қилмиш бошқа шахсларга кўринмаганлиги сабабли машинадаги жинсий алоқа ҳолатини, жамоат жойидаги жинсий алоқа деб топилмаган (айнан бошқаларга кўринмагани учун).
Шунингдек, АҚШда жамоат жойи ва биноларидаги жинсий алоқа тўғридан-тўғри тақиқ фақатгина ушбу ҳудудлардаги ҳожатхоналарга нисбатан белгиланган. Бунда, балкон ёки бошқа жойнинг жамоат жойи ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги масаласи ҳолатга, жамоатчилик нигоҳига осонлик билан ташланишига қараб, суд прецедентлари асосида ҳал қилинади. АҚШнинг Калифорния (Жиноят кодексининг 314 ва 647 (а)-моддалари) ва Техас (Жиноят кодексининг § 21.07 (а)-моддаси) штатларида жамоат жойида жинсий алоқа қилиш, агар ушбу алоқа жараёнини атрофдаги шахслар кўриб қолиши эҳтимоли мавжуд бўлса, жинсий алоқа қаерда содир бўлганидан қатъий назар, бу ҳолат жинсий алоқага киришган шахсларни жавобгарликка тортишга асос бўлади. Жамоат жойи дейилганда, ушбу тушунчага хаттоки ўзининг гаражида турган шахсий машинасида жинсий алоқага киришганда ҳамда бунда
агар гараж эшиклари очиқ қолган бўлса ҳам атрофдаги инсонлар кўриб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлганлиги сабабли, жамоат жойида жинсий алоқа қилиш деб талқин қилинади. Жамоат жойи деб талқин қилинмаслигининг шарти бўлиб, гараж ва машина эшикларининг тўлиқ ёпилганлиги ва гаражда ойналарнинг мавжуд эмаслиги белгиланган.
Ушбу мазмундаги қонунчилик Австралиянинг Квинсленд ва Янги Жанубий Уельс штатларидаҳам мавжуд бўлиб, бир гуруҳ шахслар хордиқ чиқараётган пляжда, агар шахс жинсий алоқага киришса ва ушбу жараён атрофдаги шахслар томонидан кўрилиши эҳтимоли мавжуд бўлса, жинсий алоқага киришган шахс жамоат тартибини бузган ҳисобланади ва ушбу ҳолат ҳуқуқбузарга нисбатан жарима ёки қисқа муддатли қамоқ жазосини қўллаш билан жазоланади.
Буюк Британияда ҳам худди АҚШдагидай қоидалар амал қилади.
Шу билан бирга, жамоат жойидаги жинсий алоқа учун жавобгарликка тортишда икки қонун нормалари ҳам инобатга олинади. Булар:
Жамоат тартиби тўғрисидаги Қонуннинг (1986) 5-моддасига мувофиқ, бундай хатти-ҳаракат бошқаларнинг эшитиш қобилияти ёки кўриши доирасида содир этилган бўлса;
Жинсий жиноятлар тўғрисидаги Қонунга (2003) кўра, хатти-ҳаракатни жиноят деб топиш учун шахс ўзининг жинсий органлари қасддан кўрсатилган бўлса жавобгарликка сабаб бўлади.
Канадада жамоатжойидаги жинсий алоқа жазога тортилиши учун бу бир ёки бир нечта бошқа шахслар кўз олдида амалга оширилиши керак.
Aгар бу бир ёки бир нечта бошқа шахслар кўз олдида амалга оширилса ёки бир ёки бир нечта бошқа шахслар буни кўриш эҳтимоли бўлса, унда жуфтлик Канада Жиноят кодексининг 173-моддасига уятсиз қилмиш содир этганлиги учун жавобгарликка тортилиши (максимал жазо 18 ойлик қамоқ) мумкин.
Бундан ташқари, Хорватия қонунчилигига биноан, балкон жамоат жойи сифатида талқин этилиб, балконда жинсий алоқа қилиш жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилиб, 3-7 минг хорват кунасигача (таҳминан 450-1100 АҚШ доллари) миқдорда жаримага сабаб бўлади. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги қонунлар билан кафолатланган, бироқ бу жамиятда умум қабул қилинган ахлоқ нормаларини топташга изн бермайди, яъни хатто хусусий мулк ҳудудида ҳам муайян қоидаларга риоя қилиш лозим. Шундагина жамиятдаги соғлом муҳит барқарор бўлиб, унинг асрлар давомида шаклланган ахлоқий қадриятлари бус-бутунлигига путур етмайди.
Мазкур тушунтириш инсонлар ҳаётининг ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатларига таъсир этувчи ижтимоий масалаларга тааллуқли бўлганлиги боис, оммавий ахборот воситаларини уни контекстдан ажратмаган ҳолда тўлиқ шаклда тарқатишга чақириб қоламиз.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқотинститути масъул ходими С.Авезов,
Ҳуқуқшунос