АсосийSalomatlik

Ортиқча вазндан қутулиш йўллари қандай?

'Ортиқча вазндан қутулиш йўллари қандай?'ning rasmi

Семизлик — тана вазнининг ортиб бориши, ортиқча ёғлар ҳисобига саломатликнинг издан чиқиши бўлиб, тери ости ва тананинг бошқа жойларида меъёрдан ортиқча ёғ тўпланиши натижасида келиб чиқади. Биласиз,  семизликка сабаб бўлувчи асосий омиллар нотўғри овқатланиш ва камҳаракатликдир.

Шунингдек, генетик факторлар, эндокрин касалликлар, психологик бузилишлар ва стрессларга берилувчанлик каби омиллар ҳам семизликни келтириб чиқаради.

Ортиқча вазн  нафақат катталар ўртасида, балки болалар ва ўсмирлар орасида ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда. Маълумотларда келтирилишича, сўнгги 30 йил ичида дунёдаги семиз одамлар сони уч бараварга  ошган.

Ортиқча вазн ва семизликнинг энг салбий жиҳати шундаки, метаболик синдром, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти, инсульт, гипертония касаллиги, сурункали вена қон-томирларининг етишмовчилиги, холецистит ва ўт-тош касаллиги, артритлар, остеохондроз ва остеоартрозлар, умуртқа поғонаси чурралари, жигарнинг ёғли дистрофияси ҳамда онкологик касалликларга сабаб бўлиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотларига кўра, юрак қон-томир касалликлари ер юзида ўлимнинг асосий сабабчиси бўлиб, айнан семизлик унинг ривожланишига олиб келади.

Қолаверса, пандемия шароитидаги тажрибалар ҳам кўрсатадики, ортиқча вазнли беморларда коронавирус касаллиги оғир кечиб, кўп ҳолатларда ўлимга олиб келди.  

Ортиқча вазн ва семизликка қарши, айниқса, тўғри ва соғлом овқатланиш орқали қарши туриш мумкин. Тўғри овқатланиш — таом истеъмол қилиш ва қувват сарфланишининг тенг бўлиши демакдир. Соғлом овқатланишда турли хил сабзовот ва меваларни истеъмол қилишга одатланиш керак бўлади. Ёғли гўшт маҳсулотларини дуккакли маҳсулотларга, балиқ ва парранда гўшти ёки ёғсиз гўштларга алмаштириш, туз ва қандни имкон қадар камроқ истеъмол  қилиш, овқат билан бирга чой ичмаслик, табиий шарбатлар ёки қайнатилган сув ичиш каби оддий, аммо муҳим қоидаларга риоя этган маъқул.

Кунига 5 маҳал овқатланганда, нонушта ва тушликда кўпроқ, кечки вақтда эса камроқ овқатланиш тақсия этилади. Кунлик таомланиш рационини 100 фоиз деб оладиган бўлсак:

  • Биринчи нонушта — 25 фоиз;
  • Иккинчи нонушта — 15 фоиз;
  • Тушлик — 35 фоиз;
  • Кечки овқат — 25 фоизни ташкил қилиши лозим.  

Шу билан бирга, жисмоний фаоллик ҳамда зарарли одатлардан, яъни тамаки ва алкоголь маҳсулотларидан воз кечиш орқали ҳам семизликка қарши курашиш мумкин. Бунда жисмоний фаоллик: спорт билан шуғулланиш, пиёда юриш, гимнастика машқларини бажариш ҳамда бадантарбия билан шуғулланиш муҳим ўринга эга.

Кишининг кун давомида фаол бўлиши ҳам семизликнинг олдини олади.

  • Ҳар куни пиёда юриш;
  • Бадантарбия;
  • Спорт билан шуғулланиш (футбол, баскетбол, волейбол ва бошқалар) тавсия этилади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар