Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарёда Қизил китобга киритилган ва Ўзбекистонда саноқли қолган сиртлон овланди” мавзуида тарқалган хабар тарқалди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат юзасидан Узун туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ва туман ИИБ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Суриштирув давомида Узун тумани "Мустақиллик" маҳалласида яшовчи фуқаро П. Очилдиев жорий йилнинг феврал ойида туманнинг "Хурсанд" маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжалигига қарашли ерда қўйларини боқиб келган. Уни овчилик қилиши учун қуроли йўқлиги ва овчилик уюшмасига аъзо эмаслиги аниқланган. Ярим тунда сиртлон чўпоннинг қўйларига ҳужум қилган, 5 та ит қўйларни ҳимоя қилиш мақсадида сиртлонга жароҳат етказади. Орттирилган жароҳатлар сиртлоннинг ўлимига сабаб бўлади.Ўлдирилган ҳайвон эртаси куни чўпонлар томонидан фото суратга туширилади.
Маълумот ўрнида сиртлонлар бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, локал тарқалган кенжа тур ҳисобланиб, Қизил рўйхатга киритилган. Ярим чўл ва чўл ҳудудларида яшайди, кечаси ов қилади. Якка ёки жуфт бўлиб юради. Йилига 1 марта 2-4, баъзан 6 тадан болалайди. Гуруҳ бўлиб йирик туёқли ҳайвонлар, баъзан уй ҳайвонларига ҳам ҳужум қилади.
Сиртлонларнинг сони доимо кам бўлгани кузатилган. 2011 йилда Сурхондарё вилоятидаги Оқтепа сув омбори атрофида сиртлонларнинг 6 тадан иборат тўдаси аниқланган бўлса, 2012 йилда 10 бош сиртлон, 2016 йилда эса урғочи сиртлон ва 2 та боласи қайд этилган.
Қизил китобга киритилган сиртлонларни мамлакатимиз ҳудудида овлаш тақиқланган.
Ўзбекистон Экологик партияси Матбуот хизмати сиртлонларни сақлаб қолиш мақсадида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда уларни яшаши учун шароитларни яратиш мақсадга мувофиқлигини қайтд этмоқда.
Партия она табиатнинг ажралмас қисми бўлган ноёб ва камайиб бораётган ҳайвонларни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, ҳайвонот дунёсига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва қонун талабларига сўзсиз риоя қилишга чақирмоқда.