Сўнгги пайтларда ҳайдовчилар орасида 2016 йил 1 июндан композит (капрон) баллон ўрнатилган автотранспортларга газ тўлдириш тўхтатилиши ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. Миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига мурожаат қилдик.
Холматжон САЙДАЛИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ бошлиғи:
—Ҳа, тўғри. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 ноябрдаги 326-сонли Қарори билан тасдиқланган “Сиқилган табиий, суюлтирилган нефть газларида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган автотранспорт воситалари тўғрисида”ги умумий регламентнинг 48-бандида Ўзбекистон Республикасида СПГ-2, СПГ-3 ва СПГ-4 турдаги баллонларни автотранспорт воситаларига ўрнатилишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди. Мазкур қарор 2016 йилнинг 11 май кунидан кучга киради.