Афсуски, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали оммани чалғитувчи ва шахслар онгига таъсир қилувчи сарлавҳа остидаги маълумотлар кўп учрамоқда.
Бу ҳолатлар бўйича ахлоқ ва ҳуқуқ нормалари нима дейди?
Журналистлар ва барча оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз касб мажбуриятларини бажаришда риоя этиши шарт бўлган маънавий-ахлоқий йўналиш белгиланган “Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси” кабул қилинган.
Мазкур касб этикаси кодексида ҳаққонийлик, холислик, адолат, фикрлар хилма-хиллиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат Ўзбекистон журналистлари фаолиятининг асосий қоидаси ҳисобланиши белгиланган.
Шунингдек, кодексда журналист ахборотлар билан ишлашда бетарафлик ва холислик тамойилларига, хусусан журналист бетараф бўлиши, воқеа-ҳодисаларни холисона ва ҳаққоний ёритиши, муомала маданияти ва очиқлик тамойилларига амал қилади деб белгилаб қўйилган.
Журналист ҳар қандай шароитда ҳам ёлғон ахборот эълон қилмаслиги, далилларни бузиб кўрсатмаслиги ва ижтимоий аҳамиятга эга ахборотни атайлаб яширмаслиги керак.
Шундай экан журналистларимизни Интернет жаҳон ахборот тармоғига маълумотларни жойлаштиришда оммани чалғитадиган ва уларда нотўғри фикрлар уйғотадиган сарлавҳалар қўймасликка чақириб қоламиз.
Унутманг, холислик, ишончлилик, бетарафлик — профессионал журналистиканинг юқори стандартлари ва асосий принципларидир.






