АсосийJamiyat

Юксак тил маданияти — миллат заковати кўзгуси

'Юксак тил маданияти — миллат заковати кўзгуси'ning rasmi

Тил йўқолса, маданият йўқолади, зеро айнан тил маданиятни тарқатувчидир.   Ҳар бир миллатнинг маданий ўзига хослиги унинг тилида акс этади. Шу боис азалдан тил мақоми, уни сақлаш ва асраб-авайлаш,  авлоддан авлодга етказиш, тараққиёти борасида қайғуриш  ҳар бир халқнинг ўзлигини англаш даражаси кўрсаткичидир.  Билиш, мулоқот, ижтимоий интеграция, таълим ва ривожланиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ тиллар доимо стратегик аҳамият касб этган. 

Шу билан бирга глобаллашув жараёни тилларнинг яшашигатаҳдид солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Таассуфки, бир тилнинг йўқолиши билан жаҳон маданий хазинасининг ранг-баранглигига ҳам путур етади. Бу билан эса анъаналар, адабиёт, миллий санъат,маданий мерос, миллий тафаккур - барча бебаҳо қадриятлар ҳам изсиз унутилади. Натижада жамиятлар ўзига хослиги, миллий зеҳният хилма-хиллигидан маҳрум бўлади. 

Ҳозирги ислоҳотлар жараёнида ҳукуматимиз томонидан она тилимизга мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиб берилаётгани ва юксак мақомга эгалигини эътироф этиш керак, албатта. Тилимиз давлат ва жамият бошқаруви, илм-фан тилига айланди. Халқаро анжуманларда минбардан она тилимиз янгради. Бу оламшумул воқеа бўлди.

Тил соҳасида қўлга киритилган улкан ютуқлар бизни қувонтиради ва ғурурлантирди, бироқ айни пайтда, давлат тилини билиш ва қўлланиши билан боғлиқ ҳозирги кунда юзага келаётган муаммолар бизни ўйга толдирмоқда.

Шу маънода, ҳозирги Президентликка номзодларнинг сайловолди дастурларида ҳам тил масаласига жиддий эътибор қаратилиши табиий. Лекин аниқ босқичма-босқич амалга ошириладиган стратегик режа бўлиши зарурдир. 

Бу борадаЎзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди дастурида бир қатор аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга  эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Хўш, тил сиёсатини яна ривожлантириш юзасидан аниқ  таклифлар дастурларда акс этганми?

Тил яшаса, миллат яшайди. Зеро, тил давлат  қудрати, нуфузи рамзидир

Биламизки, ЮНЕСКО лойиҳаси асосида  “йўқолиш хавфи остидаги дунё тиллари атласи” яратилганлиги бежиз эмас. Ушбу лойиҳанинг мақсади – ҳукумат вакиллари, тил ҳамжамиятлари ва кенг омма эътиборини ушбу муаммога жалб қилишдир. Атлас таъбир жоиз бўлса, дунё тилларнинг ранг-баранглигидан маҳрум бўлиб қолиши мумкинлиги хавфидан ўзига хос огоҳлантиришдир. 

Лойиҳада тилнинг сақланиб қолиши учун муҳим бўлган омиллар қайд этилган, улар орасида энг асосий омил тилни авлоддан авлодга етказиш, ворисийликни таъминлашдир.  Лойиҳада тилнинг йўқолишига таҳдид бўлган белгилардан бири сифатида  “бу тилда кўпчилик, хусусан, ёш авлод ҳам сўзлашади, лекин унинг қўлланиш даражаси маълум соҳалар билан чекланади”,  деб кўрсатилган. 

Демак, давлат тили мақомига эга тилимизни барча жабҳаларда кенг қўлланишини таъминлаш учун аниқ чора-тадбирларимиз борми?

Одатда, давлат тили ва расмий тил мақомлари баъзан айни бир маънода ишлатилади, яъни тилнинг давлат тили экани унга расмийлик нуфузини беради. 

Мазкур тушунчаларга аниқлик киритиш мақсадида 1953 йилдаёқ ЮНЕСКО томонидан давлат тили ва расмий тилга таъриф берилган эди. Албатта, бу таъриф тавсиявий характерда бўлиб, уни барча давлатларга нисбатан айнан татбиқ этиш шарт эмас. Унга кўра давлат тили – бу муаяйн давлат доирасида сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларни бирлаштирувчи вазифани бажарувчи давлат рамзи бўлиб, энг аввало, конституция тилидир. Расмий тил эса давлат бошқаруви, қонунчилик ва суд ишларини юритиш тилидир. 

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики,   давлат тили мақоми ҳар доим ҳам тилнинг расмий иш юритишда кенг қўлланилишини англатавермайди. 

Тилнинг фақат муайян соҳаларда, масалан, маиший ҳаёт, норасмий мулоқот, адабиёт ва санъатда қўлланилиши унинг нуфузини бора-бора туширади. Батамом хавфдан холи тил давлат ва расмийлик мақомига бирдек даъво қила олади. Шу нуқтаи назардан давлат тилимизнинг қўлланиши доираси кўламини таҳлил қилган ҳолда, уни расмий иш юритиш тили сифатида барча соҳалардаги мавқеини янада кўтариш учун қандай чора-тадбирлар ишлаб чиқиш керак? 

Яна саводхонлик ҳақида гапиришга мажбурмиз

Ҳозирга қадар муомалада икки ёзувдан фойдаланилаётганимиз боис  расмий идора ва ташкилотларда ўзбек тилида иш юритишдан кўра хизмат ёзишмаларини рус тилида расмийлаштириш афзал кўрилмоқда. Йил сайин ёзув билан боғлиқ муаммо жиддий тус олмоқда. Умумий саводхонликнинг пасайиши, мутолаа маданиятининг тушиб кетганлигининг асосий сабабларидан бири ҳам  алифбо билан боғлиқдир. Тилнинг нуфузи, тараққиёти бевосита ёзув ва имло қоидаларининг ягоналиги хамда мукаммаллиги билан таъминланади. 

Сайлов давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий салоҳиятини кўрсатиш имконияти экан, янада тараққий этган ва юксак жамиятни барпо этишда, ҳеч бир масала диққат-эътиборимиздан четда қолиши мумкин эмас. Давлат тили эса сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларни бирлаштирувчи вазифани бажарувчи давлат рамзидир. 

Меҳрибон Абдурахманова

    Бошқа янгиликлар