“Дунёга эндигина келган фарзандини мўмай даромад орттириш мақсадида сотиб, жирканч жиноятга қўл урган аёлларнинг орамизда учраётганлиги ачинарли ҳолатдир” деб изоҳ берилади “Ҳуқуқ” газетасининг 13-сонида чоп этилган навбатдаги жиноят тафсилотига.
Орзигул Аҳмадалиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2015 йилнинг июнь ойида Фарғона вилоятидан оила аъзоларига билдирмай, яширин тарзда Тошкент шаҳрига келиб, ўзига олдиндан таниш бўлган Замира Ходжаеванинг хонадонига жойлашади ва унга ҳомиладор бўлиб қолганлигини айтади. О.Аҳмадалиева оила аъзоларига билдирмай, бир эркак билан шаръий никоҳдан ўтиб яшаб юради. Аёл ҳомиладор бўлиб қолади. Аммо хабар боланинг отасига маъқул бўлмайди ва у орани очиқ қилиб кетади. Хуллас, у З.Ходжаевадан ёрдам сўрайди. Замиранинг унга раҳми келиб, ноилож рози бўлади.
Август ойида Замиранинг хонадонига таниши Зуҳра Маликова меҳмонга келади. Орзигул меҳмонга туғилажак фарзандини яхши оилага фарзандликка бериши мумкинлигини айтади.
Октябрь ойида Орзигулнинг тўлғоғи бошланганлиги сабабли Замира уни 2-сонли Тиббиёт Академиясининг туғруқхонасига олиб боради. Орзигул эса фарзанди туғилган заҳоти уни 10 минг АҚШ доллари эвазига сотиб юборишни режалаштиради. У туғруқхонадан чиқибоқ, туғилган қиз фарзандини сотиб юбориш учун пойтахтимизнинг Юнусобод туманида Зуҳра Маликова билан учрашади. Бемеҳр она қизалоғини Зуҳрага 10 минг АҚШ долларига сотади. Жирканч савдо амалга ошгач эса у 3.Маликовага нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳақида тилхат ёзиб бераётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланади.
Мазкур холат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, О.Аҳмадалиевага жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ҳукмига асосан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.