Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Озарбайжон Президенти давлатимиз раҳбарини Президент сайловидаги ғалабаси билан қутлаб, келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тилаган.
Ўзбекистон етакчиси, Озарбайжон раҳбари ва халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам – Ғалаба куни билан муборакбод этиб, тинчлик-осойишталик ва бардавом тараққиёт тилакларини изҳор этган.
Мулоқотда Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилишган.
Маълум қилинишича, келгуси ойда Боку шаҳрида Ўзбекистоннинг миллий саноат кўргазмаси ўтказилади. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Шунингдек, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик, шу жумладан пойтахтлар ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масалалари кўриб чиқилган.
Президентлар минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатлари, шу жумладан Туркий кенгашнинг бўлажак саммити кун тартиби юзасидан фикр алмашишган. Олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилган.






