АсосийJamiyat

Сўнгги бир йил ичида 14 мингга яқин ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланди

'Сўнгги бир йил ичида 14 мингга яқин ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланди'ning rasmi

Тараққиётнинг янги даврида касаба уюшмалари соҳасида изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада, касаба уюшмалари тизимида инқилобий ўзгаришлар бўляпти.

Ўтган давр мобайнида ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш мақсадида касаба уюшмалари томонидан 16 мингга яқин корхона ва ташкилотлар фаолияти ўрганилиб, аниқланган 61 мингдан зиёд камчиликлар бартараф этилиши таъминланди.

Шунингдек, соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 14 мингга яқин ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 3,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.

Соҳада халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Касаба уюшмалари умумконфедерациясига аъзоликка қабул қилинди, Марказий Осиё давлатларининг турдош ташкилотлари билан келишувлар тузилди, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Бу билан касаба уюшмалари мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятдаги мавқеини оширишга ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Энг муҳими, бундан роппа-роса бир йил олдин “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Янги қонун эзгу мақсадга қаратилган бўлиб, у билан 11 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари куни деб белгиланди.

Бу каби байрамлар Австрия, АҚШ, Греция, Индонезия, Канада, Латвия, Сингапур, Франция, Хитой, Швецария каби давлатларда, шунингдек, МДҲ, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларида кенг нишонланиб келинади.

Таъкидлаш керакки, ушбу байрам муносабати билан жорий йилнинг 8 ноябрдан 14 ноябрга қадар барча меҳнат жамоаларида “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари”, деган ғоя остида “Ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталаги” ўтказиляпти.

Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудларида бошланғич ташкилотларда “11 — ноябрь Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” мавзусида маънавият соатлари, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, учрашувлар ҳамда турли кўрик-танловлар ўтказилмоқда.

Яна бир муҳим масала. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ бутун республика бўйлаб “Аёллар дафтари” доирасида иш олиб борди. Ушбу ўрганишлар натижасида 6,5 миллиондан ортиқ хотин-қиз билан мулоқот ўтказилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир турмуш шароитида кун кечираётган аёлларнинг рўйхати шакллантирилиб, улардан 900 мингга яқинининг муаммоси ижобий ҳал этилди.

Бир сўз билан айтганда, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар касаба уюшмалари ташкилотларини маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг янада самарали фаолият юритишини таъминлаш, ташкилот фидойи ходимларини рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

    Бошқа янгиликлар