АсосийJamiyat

Фарзандликка олишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди

'Фарзандликка олишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди'ning rasmi

Оила – муқаддас даргоҳ. Боланинг хулқ-атвори, ҳаётга бўлган илк қарашлари шаклланишида, жамиятга мослашишида ва умуман унинг шахс сифатида камол топишида оиланинг, оилада берилган тарбиянинг ўрни беқиёсдир.

БМТнинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясида ўзининг оила ғамхўрлигидан вақтинча ёки доимий маҳрум бўлган ёки ўзининг энг яхши манфаатлари йўлида бундай ғамхўрликда қола олмайдиган бола давлат томонидан кўрсатиладиган алоҳида ҳимоя ва ёрдамни олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. 

Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунида давлат боланинг оилада бўлишига тўсқинлик қилувчи шароитларни бартараф қилиши, бола оиласидан ажратилган ҳолларда эса уни оиласига тезроқ қайтариш бўйича зарур чораларни кўриши мустаҳкамлаб қўйилган.

Фарзандли бўлиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқидир. Таҳлиллар бу ҳуқуқни фарзандликка олиш орқали рўёбга чиқариш истагини билдирган шахслар мамлакатимизда 4 мингдан ортиқ эканлигини кўрсатмоқда. Уларнинг хоҳишини қондириш учун амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурати мавжуд эди.

Қонунчиликка кўра, қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганни фарзандликка олишларига йўл қўйилмас эди.

Мазкур қоида ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турлари (иқтисодиёт, экология соҳасидаги жиноятлар ва ҳ.к.) учун ҳам татбиқ қилинар эди.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ, Хитой, Франция, Канада, Германия, Норвегия, Дания, Исроил, Нидерландия, Испания, Буюк Британия каби хорижий давлатларда фарзандликка олишни тақиқловчи талаб сифатида шахснинг муқаддам судланганлиги умуман кўзда тутилмаган.

Қолаверса, ҳар бир ҳаракатларимиз замирида фарзандларимизнинг бахту-иқболи, фаровон келажаги мақсад қилиб қўйилган. Ҳар бир бола келажаги учун барчамиз бирдек масъулмиз. Шундай экан, жамият ва давлат учун хавф туғдирадиган, оғир жиноят қилган шахсларга фарзандларимиз тарбиясини ишониб топшириш давлат парокандалигига қўйилган қадам билан баробардир.

Бироқ, инсон борки, хатодан ҳоли эмас. Билиб-билмасдан хато қилган инсонга фарзандликка олиш ҳуқуқининг берилиши уларнинг фарзандларимизни Ватанимизга муносиб, садоқатли ва баркамол шахс сифатида тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшиши учун бир имкониятдир.

Ваҳоланки, мисол учун, агар шахс жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузса, бу ҳолат унинг бола асраб олишига имкон бермасди.

Илмий-тадқиқот ёки синов тажриба фаолиятини амалга ошираётганда хавфсизлик қоидаларини бузган шахснинг ҳам болани фарзандликка олишига йўл қўйилмасди. Ҳолбуки, кўп ҳолатларда хавфсизлик қоидалари бузилиши эҳтиётсизлик оқибатидагина бузилади.

Ана шундай чекловлар фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётганларга (ҳар йили ўртача 
200 нафар бола) нисбатан анча юқорилигича қолишига сабаб бўлмоқда.

Тараққиётимизнинг янги босқичида мамлакатимизда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жадал ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш, шунингдек, жисмонан соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтган қисқа давр мобайнида бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, хусусан 3 та Қонун, 16 та Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармон ва қарорлари, 14 та Ҳукумат қарорлари қабул қилинди. 

Жорий йилнинг 21 октябрь куни қабул қилинган «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун шулар жумласидандир.

Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган мазкур Қонун бола ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиш, жумладан болаларни қонунга зид равишда фарзандликка олиш ҳолатларини, бола савдоси билан боғлиқ жиноятларни бартараф этишга қаратилган. 

Эндиликда баъзи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этган фуқароларга фарзандликка олишга имконият яратилди. Яъни, қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб, уни содир этган шахснинг фарзандликка олиши мумкин ёки мумкин эмаслиги аниқланади. 

Ушбу мақсадда Қонун билан қуйидаги шахсларга нисбатан фарзандликка олишга бўлган чеклов олиб ташланди:

а) ўзгалар мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлмаган жиноятлар (жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш бундан мустасно) иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар, хўжалик фаолияти соҳасидаги жиноятлар, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш, нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш бундан мустасно) содир этганларга;

б) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар, транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар, бўйсуниш ва ҳарбий шаънга риоя этиш тартибига қарши жиноятлар, ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши жиноятлар, ҳарбий мулкни сақлаш ёки ундан фойдаланиш тартибига қарши жиноятлар содир этганларга;

в) туҳмат ва ҳақорат қилганлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлар, муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузганлар, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш жиноятини содир этганлар, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлар, учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузганларга;

г) тадқиқот фаолиятини амалга оширишда хавфсизлик қоидаларини бузганлар, меҳнатни муҳофаза қилиш, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш, тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганларга.

Шу аснода илгари фарзандликка олишга Жиноят кодексида кўрсатилган 268 та жиноят тури монелик қилган бўлса, энди уларнинг сони қисқартирилиб, 165 тага туширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан фарзандликка олишни хоҳловчи шахслар, уларнинг яшаш шарт-шароитлари ва ота-она бўлиш имкониятлари атрофлича ўрганилиб, ҳар бир ҳолатга алоҳида баҳо берилади.

Қонун билан жиноят туридан қатъий назар оғир (5йилдан10йилгача) ва ўта оғир(10йилдан ортиқ) жиноятларни содир этганлик учун илгари ҳукм қилинганлар томонидан бола асраб олишга бўлган тақиқ мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, яқин қариндошлар ўртасида фарзанд асраб олишда ортиқча сансалорликни олдини олиш мақсадида фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги тўғрисидаги қоида эндиликда яқин қариндошларига татбиқ этилмаслиги белгиланди.

Мазкур қонун бола ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини тўлақонли таъминлаш, улар ўртасида турли ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этилишини барвақт олдини олиш ҳамда болаларни қонунга зид равишда фарзандликка олиш ҳолатларига барҳам беришга кўмаклашади.

Ойдин НОРОВА

Бош прокуратура бошқарма прокурори 

    Бошқа янгиликлар