“Табриклаймиз! Сиз ютуқ эгаси бўлдингиз. Ютуқни олиш учун “фалон” рақамга мурожаат қилинг”. Ҳаммаси шундан бошланади ва сиз ўзингизни “омадли инсон” деб ҳисоблаб, “ютуғингизни” олишга ошиқасиз. Товламачилар учун бу айни муддао бўлади. Сизнинг карта рақамингиз, унга келадиган кодга сизнинг ишонувчанлигингиз орқали эришиб, сизни ҳисобингиздаги бор-будингиздан ҳам айиради. Бугунги мавзуимиз оммалашиб бораётган интернетдаги товламачилик ҳақида.
"БУ БОШҚАЧАСИ!"
“Яқинда сенга уй олиб бераман”, — деди бир дўстим қўққисдан, — “совға қиламан”. Юрагим шув этди. “Чет элдан мерос келяптими, дейман. Агар шундай бўлса, дарҳол тўхтат. Бу товламачилик!”, — дедим мен. Ҳақиқатдан ҳам шундай эди. У мени эшитишни истамас, гўёки унинг “мероси”га ҳасад билан қараётгандек эдим унинг назарида. Исботлар келтиришимга ҳам қўймади. Чунки у бойлик исканжасида эди. Орзусига берилиб бўлганди. Мен бу ҳақида жуда яхши билганим, атрофимда кўпчилик чув тушиб қолгани ҳақида ҳам айтдим – фойдасиз. Унинг жавоби битта эди: “Бу бошқачаси!” Тўғрида, бегона бўлса ҳам “сиз миллионерсиз”, деб турганнинг олдида “бу ёлғон”, деб турган сен ёқармидинг?
"НИГЕРИЯ ХАТИ"
Бу қачондан бошланган? Уяли алоқа бўлмаган кезларда ҳам бу каби ёлғонлар бўлганми? Албатта! “Нигерия хати”. Бу турдаги хатлар 1980 йиллар ўрталарида Африка давлатлари ўртасида оддий почта орқали хонадонларга юборилган. Хат мазмуни ўшанда ҳам, ҳозир ҳам бир хил: “Сизнинг давлатингиздан ҳисоб рақамида фалон миллион доллари бор одам оилавий вафот этди. Биз меросхўр қидиряпмиз. Унинг фамилияси ёки ватандошлиги сиз билан бир хил. Агар шу маблағни олсак, сиз миллионерга айланасиз. Менинг ёрдамим эвазига пулни ўртасидан бўлишамиз.” Бундай мазмундаги хат илк маротаба Африкадаги содда одамлар уйларига келган. Шунинг учун товламачиликнинг бу тури “Нигерия хати” деб номланган. Интернет ривожлангани сари бу турдаги “мерос хабарлари” электрон почталарга, ҳозирги кунда эса, Instagram, Facebook, Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилмоқда.
ХЎШ, БИЗ БУ "ҚОПҚОН"ГА ҚАНДАЙ ИЛИНАМИЗ?
“Меросхўр”лигимизни ёзган одам мерос миқдори 700-800 млн. доллар атрофида эканлигини, фақатгина ҳужжатлар расмийлаштириш учун пул кераклигини айтади. Бизга алламбало сертификатлар, ҳисоб рақамлар, пул тўла сейф расмларини юбориб, ишончимизга киради. Расмийлаштириш учун биздан тахминан 50-100 минг доллар пул сўрайди. Бунча пулимиз бўлса, ишонсак тўлаб юборамиз. Бўлмаса, “Б” режага ўтилади. Яъни гўёки улар бизнинг ишимиз битиши учун банкдан ўзига кредит олади ва қачонки биз меросни олсак, шундан харажатлар суммасини ҳам олиб қолишини айтади. Табиийки, рози бўламиз. Шу орада нотариус, банк, суғуртага ўхшаган бир нечта ҳужжат расмийлаштирилгани ҳақида бизга маълумотлар келиб туради. Биз эса аллақачон хаёлларда бойга айланиб бўлган бўламиз. Бундан фойдаланган товламачилар охирги операция учун 2000 доллар атрофида пул керак бўлаётгани, уни ўзлари тополмаслигини, шундоқ ҳам биз учун шунча ҳаракат ва харажат қилганини таъна қилиб, тезроқ пулни олиш кераклигини ёзади.
400- 500 минг доллар “мерос” олдида 2000 доллар нима бўлибди, тўғрими? Биз бу пулни қарз қилиб бўлса ҳам топамиз, улар айтган ҳисобга ўтказамиз ва чув тушамиз.
СОДДА БЎЛМАНГ!
Ишонинг, атрофимда бу пулни бериб қўйиб, "куйган" одам бор. Вақтида мени эшитганида бу кўйга тушмаган бўлар эди. Биз бу мақоламиз билан интернетдаги юзлаб, балки минглаб товламачиликлардан бирини кўрсатдик. Уларнинг тури кўп. Содда бўлманг. Шахсий маълумотларингизни ҳеч кимга ишонманг. Пул ҳеч қачон осмондан тушмаган, тушмайди. Пешонадаги ҳалоли келаридан қўймасин. Ўзингизни ва ҳамёнингизни эҳтиёт қилинг.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ
"Даракчи" газетаси 2021 йил 25 ноябрь сонидан