АсосийJamiyat

Ўзбекистоннинг пандемияга қарши самарали чоралари алоҳида эътирофга лойиқ — россиялик мутахассис

'Ўзбекистоннинг пандемияга қарши самарали чоралари алоҳида  эътирофга лойиқ — россиялик мутахассис'ning rasmi

Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерал хизмати раҳбари, Россия Федерацияси Бош давлат санитария врачи Анна Попова бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташриф буюрди. Делегация Соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев билан учрашиб, аҳоли саломатлигини сақлаш йўлидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Ўзаро мулоқот чоғида COVID-19 пандемияси пайтида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар муваффақиятли синовдан ўтганлиги таъкидланиб, икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган истиқболли режалар, коронавируснинг янги штаммларини ўрганиш, жамоавий иммунитетни шакллантириш, бунда вакциналарнинг ўрни ва самарадорлигига доир қатор масалалар муҳокама этилди.  

Шунингдек, ОИТС ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича тадқиқотлар, илмий ишлар олиб бориш, санитария ва эпидемиология соҳасида кадрлар тажриба алмашувини йўлга қўйиш, биолабораториялар ташкил этиш, тиббий таълим йўналишида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш каби қатор долзарб вазифалар юзасидан ҳам фикр юритилди.  

Россия делегацияси аъзолари ташриф доирасида Зангиотадаги даволаш комплекслари ва у ердаги шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишди.  

— Ўзбекистонга биринчи келишим, — дейди А. Попова. — Очиғи, жуда ҳайратландим. Айниқса, Зангиотадаги уникал даволаш комплексларида яратилган шароитлар эътироф этишга арзийди. Хирургия, кардиология, акушерлик-геникология, педиатрия каби барча тиббий хизматларнинг бир жойда жамланиши, айниқса, коронавирусга чалинган гемодиализга муҳтож беморларнинг ҳам шу ерда даволаниши дунёнинг қатор давлатлари ўрганса бўладиган ибратли тажрибадир.  

А. Попова бошчилигидаги делегация аъзолари, шунингдек, “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Республика вирусология илмий текшириш институтида ҳам бўлди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар