АсосийJamiyat

Судларда “ягона дарча” хизмати: фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилади

'Судларда “ягона дарча” хизмати: фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилади'ning rasmi

Тошкент шаҳар суди томонидан “Тошкент шаҳар кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси” давлат муассасасида тарбиркорлик судбъектлари иштирокида судларга мурожаат қилган шахсларга қулайликлар яратиш мақсадида ишларнинг судларга таалуқлилиги масаласида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...

Давра суҳбатида Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раис ўринбосарлари Мақсудбек Саидов ва Шухрат Аббасов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раис ўринбосари Ғолибжон Давлатов, тадбиркорлар иштирок этишди.

Кун тартибидан фуқароларга ҳамда тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида судга мурожаат қилишда “ягона дарча” тартибини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, режалар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар муҳокамаси ва судга мурожаат қилишда “ягона дарча” тартибини жорий этиш масаласида тарбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари муҳокамаси ўрин олди. 

Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси:

“Президентимизнинг сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларига тўхталиб, эндиликда судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилиши билан боғлиқ ташаббусни илгари сурган эди. Жумладан, бундан буён иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга таалуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилиб олиниши, бу орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлиб юришига чек қўйилиши таъкидланган эди. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида фуқароларга қулайлик яратиш, судларга мурожаат қилишда ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2021 йилдан бошлаб жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича вилоят судлари бирлаштирилиб, битта вилоят суди сифатида иш бошлади. Бугунги кунда республиканинг кўп туманларида ҳам судлар битта бинода фаолият кўрсатмоқда. Бунинг натижасида ҳозирда ҳам фуқаро ва тадбиркорларнинг масаласи бир бинода жойлашган суд орқали ҳал этилмоқда. Эндиликда эса давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида судларга мурожаат қилишда фуқароларга янада қулайликлар яратиш масалалари ўрганиб чиқилмоқда. Жумладан, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга таалуқли бўлишидан қатъи назар, фуқароларга ўз аризасини судга “ягона дарча” принципи асосида топшириш имконини яратиш масаласи ўрганиб чиқилмоқда. Бу принцип бугунги кунда шу йилнинг 1 декабрь кунидан бошлаб Тошкент шаҳар судининг судлари томонидан ҳам тажриба тариқасида амалиётга жорий этилди”.

 

Шунингдек, тадбирда судларга тадбиқ этилиши режалаштирилаётган “ягона дарча” тизимининг афзалликлари ва қулайликлари тушунтирилиб, бунинг учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.  Шу билан бирга, йиғилишда қатнашган айрим ҳуқуқшунос ва тадбиркорлар лойиҳани амалга оширишда эътиборга қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ўз таклифларини ҳам бирдириб ўтдилар.

Хусусан, сўзга чиққан ҳуқуқшунослар судларга тўланадиган давлат божларининг ставкалари турлича бўлганлиги боис “ягона дарча” тизимини жорий этишда бу масалага ҳам эътибор қаратиш лозимлиги, мисол учун давлат божининг ставкалари бўйича мулкий тусдаги даъволар бўйича давлат божининг миқдори иқтисодий судларда 2 фоизни, фуқаролик ишлари бўйича судларда эса 4 фоизни ташкил этиши, иқтисодий судга тақдим этилган даъво аризаси суд томонидан таалуқлилиги бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга юборилганда, фуқаролик ишлари бўйича суд давлат божини қай тартибда инобатга олиши лозимлиги, давлат божи кам тўланган деб ҳисоблаб даъвони қайтариши ёки давлат божининг етишмаган қисмини ишни кўриш натижалари бўйича ундириши лозимлиги юзасидан аниқ тушунтиришлар берилиши кераклигини таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, йиғилишда иштирок этганлар орасидан судларга давлат божи тўлашда айрим муаммолар мавжудлиги, хусусан ҳар бир суднинг давлат божи тўлови бўйича алоҳида ҳисоб рақамлари мавжудлиги, бу ҳолат бугунги кунда фуқаролар учун айрим ноқулайликлар келтириб чиқараётганлигини ҳам билдириб ўтди.

Бундан ташқари, тарбиркорлар бугунги кунда судларга мурожаат қилишда айрим мураккабликлар мавжудлиги, даъво аризаларини расмийлаштириш, уни таалуқлилиги бўйича судга топшириш, давлат божларини ҳисоблаш масалалари махсус юридик билим талаб қилиши, юридик маълумотга эга бўлмаган фуқаролар учун ҳам қулайликлар яратиш лозимлиги, шунинг учун судларда судга мурожаат қилмоқчи бўлган шахсларга юридик кўмак берадиган махсус бўлимларни ташкил этиш лозимлиги юзасидан ўз таклифлари билан бўлишишди. Йиғилишда қатнашганлар томонидан билдирилган таклифлар юзасидан суд раҳбарияти ва судьяларнинг фикрлари тингланиб, лойиҳани амалга оширишда билдирилган таклифлар албатта ўрганиб чиқилиши маълум қилинди.

 

    Бошқа янгиликлар