Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари - вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Нуриддинов бошчилигидаги делегация вакиллари хизмат сафари билан бир ҳафта мобайнида Италия пойтахти Рим шаҳрида бўлишди.
Ташриф чоғида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Элдор Шомуродов тўп сурадиган “Рома” клуби раҳбарияти ҳамда “Интернатионал Манагемент Гроуп” туристик компанияси директори билан музокаралар олиб борилди.
Музокаралар давомида Наманган вилояти футбол маҳорати мактаби ҳамда “Рома” клуби ўртасида мутахассис кадрлар тайёрлаш йўналишида ўзаро тажриба алмашиш, қўшма семинар ва тренинглар ташкил этиш, наманганлик мураббийларини Рим жамоасида малака ошириш имкониятларини ўрганиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Наманган ва “Рома” клубининг ёшлар жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш ташаббуслари билдирилди.
Шунингдек, делегация аъзолари Рим “сариқ-қизиллар”ининг бош мураббийи Жозе Моуринио билан учрашди.
Мураббийлик фаолияти давомида дунёга машҳур “Челси”, “Манчестер Юнайтед”, “Реал”, “Тоттенхем” сингари гигант жамоаларни бошқарган Жозе Моуриниога эсдалик сифатида Наманган миллий бренди ҳамда ўзига хос “ташриф қоғози” айланган Чуст пичоғи ва дўпписи совға қилинди.






