Мендан “Радиода Санжар Саъдуллаев билан бирга ишлаган экансизлар, интервью олиб беринг”, дея кўп бора илтимос қилишган. У интервью беришни хуш кўрмасди. Бу феълига хос вазминликданми ёки буни имиж ўрнида қабул қилганмиди, билмадим. Ана шу қоидага умрининг охиригача амал қилди. Баъзиларга ўхшаб оиласидаги гапларни “дастурхон” қилишни ҳам ёқтирмас, бекорчи нарсаларга вақт сарфлаб ўтиришдан йироқ эди. Биз узоқ йиллар бирга ишлаган ҳамкасб сифатида аввал отаси, сўнгра онаси эрта вафот этганларидан сўнг укаларига бош бўлиб қолганини билардик, холос.
Санжар Саъдуллаев Театр ва рассомчилик институтининг актёрлик факультетини тугатган бўлишига қарамай, ижодини радиода режиссёрлик лавозимидан бошлаган. Ўша йиллари катта-кичик роллар таклиф этишган, ҳаммасини рад этганига гувоҳмиз. Биз ҳайрон бўлардик, Санжар эса одатига кўра кулиб қўя қоларди.
Режиссёр сифатида қилган меҳнатлари бесамар кетмади, Ўзбекистон радиоси хазинасида у тасмага туширган бир нечта радиоспектакль ва кўплаб эшиттиришлар сақланмоқда. Бир неча йиллик “Табассум” радиожурнали, “Яхши кайфият” эшиттиришларидаги режиссёрлик фаолиятида эса у ўзининг юморни яхши тушунадиган ижодкор эканлигини намойиш этди. Дубляж санъатида эса ўзини чинакамига топди. Ўзбек томошабини ҳинд киноактёри Шоҳруххонни унинг овози билан севди. У овоз берган “Қиш сонатаси”даги Жун Санг сабаб Корея кино санъатига меҳр қўйишди.
Соҳир овоз эгаси 4 декабрь куни 67 ёшида бу дунёни тарк этди. Юзлаб фильмлар, сериаллар ва шеърий мисраларда унинг овози янграшда давом этади...
"МИЙИҒИДА КУЛИБ ҚЎЙИШИ КЎЗ ОЛДИМДАН КЕТМАЯПТИ..."
Гулюз КАЛОНОВА, Ўзбекистон радиоси муҳаррири:
— Бир жамоада анча йиллар ишлаган инсонларинг вақт ўтиб қариндошларингдай бўлиб қоларкан. Шунинг учунми Санжар аканинг вафотларини юрагимга қаттиқ олдим. Бу инсон билан режиссёр сифатида бирга ишламаган бўлсам-да, радиога биринчи марта қадам қўйганимда илиқ кутиб олганлари учунми жуда ҳурмат қилардим. Иш жараёнида нималар бўлмайди дейсиз, студия талашибми ёки режиссёр ва актёрлар ўртасидами турли келишмовчиликлар чиқиб туради. Бирдан бақир-чақирлар бошланиб кетарди. Ижодкор одамлар учун бу оддий ҳол. Лекин мен ҳеч қачон Санжар ака бировга қаттиқ гапиргани, бақиргани ёки жаҳл қилганини кўрмаганман. Жаҳллари чиқсаям, хурсанд бўлган пайтларидаям мийиғларида кулиб қўядиган одатлари бор эди. Аммо бировга бир нарса демасдилар. Шу кулиб қўйишлари ҳеч кўз олдимдан кетмаяпти.
Жуда маданиятли инсон эдилар. Ўтган кўп йиллик иш фаолиятим давомида ҳеч қачон ҳеч кимдан “Санжар акадан хафаман”, деган гапни эшитмаганман. Ўз касбининг устаси эканлиги, туғма истеъдоди, чиройли овози билан бир қаторда ҳалол ва меҳнаткаш инсон ҳам эдилар. Жойлари жаннатларда бўлсин.
"КЎПЛАБ ҲИНД ФИЛЬМЛАРИДА БИРГА ИШЛАГАНМИЗ"
Зуҳра АШУРОВА, Ўзбекистон халқ артисти:
— Санжар ака билан “Субҳидам саломи” эшиттиришини олиб борган пайтларимизни тўлқинланиб эслайман. Тонг саҳардан радионинг қулоғини бураб бизнинг овозимизни кутадиган мухлисларимиз бўларди. “Овозларингиз бунча ёқимли...” “Маза қилиб тинглаяпмиз”, “Раҳмат сизларга” деган мақтовларни кўп эшитардик. Кейин дубляждаги ижодий ҳамкорлигимиз бошланди. Кўплаб ҳинд фильмларида Санжар ака Шоҳруххонга, мен Мадҳури, Айшвария Райга овоз берганмиз. Ҳинд киносининг классикаси даражасига кўтарилган “Вир ва Зара” фильмида ҳам бирга ишлаганмиз. Бу фильмларни томоша қилган дугоналарим “Шоҳруххонга ким овоз берган?” “У қанақа инсон?” “Кўриниши қанақа?” деб саволларга кўмиб ташлашарди. Оддий, камсуқум, камтар инсон, дердим.
Ҳеч ёдимдан чиқмайди, дугонам билан бир жойда ўтиргандик, Санжар ака дўстлари билан кириб қолдилар. “Яхшимисиз, Зуҳра. Овқатлангани кирувдик”, дея сўрашдилар. Бизни кузатиб турган дугонам бу одам Санжар Саъдуллаев эканлигини эшитдию “Мен сизни кўришни орзу қилардим. Нега экранларга чиқмайсиз? Нега кўринмайсиз?” деб саволларни қаторлаштириб ташлади. Қарасам, Санжар ака хижолат бўлиб кетяптилар. Дугонам эса “Мен сизни шундай тасаввур қилардим. Худди ўйлаганимдай экансиз...” деб роса ҳаяжонланганди. Санжар ака “Раҳмат! Раҳмат!” дейишдан нарига ўтолмагандилар ўшанда. Актёрлик соҳасини битирган, ташқи кўриниши келишган одам экранда кўринмасликка ҳаракат қилишини ҳеч тушунолмасдим. Одамлар эътибордан хижолат тортармидилар, билмадим. Лекин таниб қолишларидан уялардилар. Шу кунларда “Аёл қалби” фильмининг овозлаштириш жараёнида бирга ишлаётгандик. Студияга қўнғироқ қилсам, ҳамма Санжар аканинг жанозаларига кетганини эшитдим. Ишонмадим...
Турмуш ўртоғим Қаҳрамон ака билан радиода бирга ишлашганди. Уч кун аввал қўнғироқлашишган экан. “Ошингизни соғиндик, бир йиғилишайлик”, деб кўришишни режалаштиришган экан. Бу хабардан қаттиқ сиқилдик, ҳамон ўзимизга келолмаяпмиз.
"АЁЛЛАРГА ҲУРМАТИ БАЛАНД ЭДИ"
Гулчеҳра ҒИЁСОВА, “Табассум” эшиттиришининг муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:
— Мен Санжар Саъдуллаевни билимли ижодкор сифатида ҳурмат қилардим. Бирор эшиттириши ёки радиоспектаклга актёрларни нутқига қараб, овоз имкониятларини ҳисобга олиб таклиф қиларди. Аммо овоз билан образ яратиш, кутилган ҳолатни бера олиш осон иш эмас. Актёр бу вазифани уддалай олмаган пайтларида эса чидай олмай ўзи студияга кириб ўқирди. Ўзим ҳам кўп маротаба радиоспектаклларимга актёр сифатида таклиф қилганман. Бирор сўзга нотўғри урғу берса, дарров тўхтатиб айтсам, оғир олмасди. Катта кетиб, “Унақа эмас, бунақа”, деб тортишмасди. Шунинг учун ҳам у ўқиган манзара, овози билан яратаётган образ радиотингловчининг кўз олдига келарди. Тингловчи бевосита воқеанинг иштирокчисига айланарди. Бу Санжар Саъдуллаевнинг юксак маҳоратидан эди.
Аёлларга нисбатан жуда ҳурмати баланд инсон эди. Яратгандан яқинларига сабр сўрайман.
"РАДИОДА УНИНГ ОЛДИГА ТУШАДИГАНИ ЙЎҚ ЭДИ"
Собиржон СОДИҚОВ, олий тоифали режиссёр:
— Санжар Саъдуллаевни ҳамма дубляж устаси, дея эътироф этади. У биринчи навбатда олий тоифали радиорежиссёр эди. Унинг радиодаги фаолияти 10 ёшидан бошловчилик қилишдан бошланганди. Шогирдга, ёш иқтидорга бўлган ҳурматни қаранг, устозимиз Неъмат Дўстхўжаев Санжар акани уйларидан олиб келиб, эфирдан сўнг яна олиб бориб қўяр эканлар. Микрофонга ўрганганларидан кейин Неъмат ака унга радио тўлқинлари орқали бериладиган кичкина-кичкина постановкаларда роллар бериб, пишитган эканлар. Бу инсонни биз бемалол мукаммал санъаткор, дея оламиз. Ўзбекистон радиоси фонотекасини бойитган эшиттиришлари қаторида у тайёрлаган Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” радиопостановкаси, Сатира театрининг “Темир хотин” спектаклининг радиомонтажи сингари кўплаб ижод намуналари бор.
Санжар ака эшиттиришларни тайёрлашда мусиқани ҳам талабчанлик билан танларди. У олтин овоз эгаси эди. Радиода унинг олдига тушадигани йўқ. Оиласига, фарзандларига меҳрибон инсон эди. Ниҳоятда озода инсон эди. Ёмғирда, лойда юрган тақдиридаям, пойабзали кир бўлмасди, шимига лой сачрамасди. Аллоҳим раҳматига олган бўлсин.
Туҳфа НАЗАРОВА, "Даракчи" газетаси 2021 йил 9 декабрь сони