АсосийJamiyat

Ўзбекистонда Соғлом бола ҳафталиги бошланди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан болаларни соғломлаштириш, микронутриент етишмовчилиги туфайли келиб чиқадиган ҳамда паразитологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида Соғлом бола ҳафталиги ташкил этилди.

Мамлакатимизда ўн уч йилдан буён А витамини саплементацияси дастури амалга оширилмоқда. Ҳар йили 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларга умумий амалиёт шифокори, патронаж ҳамшира ҳамда мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари назорати остида А витамини ичирилмоқда. Бунинг натижасида микронутриент танқислиги туфайли келиб чиқадиган касалликлар кескин камаймоқда.

Гижжалар овқатнинг тўла ўзлаштирилиши ва организмнинг тўкис ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу касалликнинг олдини олишда профилактика муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, жорий йилдан бошлаб, Соғлом бола ҳафталиги доирасида тўрт миллионга яқин болага А витамини билан бирга гижжаларга қарши “Верморекс” дори препарати ҳам берилмоқда.  

Мазкур тадбирларни ташкил этиш учун барча тиббиёт масканларида, оилавий поликлиникаларда зарур шароитлар яратилган. Бирламчи тиббий-профилактика муассасаларидаги соғлом бола хонаси чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш ва болаларнинг ривожланиш босқичларини доимий кузатиш учун зарур бўлган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Она-бола тиббий кўригини, лаборатория таҳлилларини ўтказишда замонавий тиббий усуллардан самарали фойдаланилмоқда. Шифокорлар учун махсус ўқув-услубий семинарлар ташкил этилгани, маҳаллаларда, хонадонларда амалга оширилган тушунтириш ишлари ушбу тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш имкониятини яратмоқда.

Бошқа янгиликлар