Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисда депутатлар “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилишди.
Қонун лойиҳаси билан давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш ва тегишли субъектларнинг ваколатлари, давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми, одоб-ахлоқ қоидалари, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги белгиланди.
Лойиҳага кўра, давлат фуқаролик хизмати тизимида коррупцияга қарши курашиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатишнинг ягона қоидаларини жорий этилади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, шунингдек, биринчи марта давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳада давлат хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларациялаш, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмаслиги каби нормалар ўз аксини топмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бўлиб ўтган мажлисда мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.






