1

Ҳикоя. Энг яхши совға

МУТОЛАА 31.12.2021, 14:15
Теглар: ҳикоя
Ҳикоя. Энг яхши совға

Ҳаво совуқ. Кўчага қарасам, гупиллаб ёғаётган қор чироқ нурлари остида бетакрор кўриняпти. Деразани очиб бироз тоза ҳаводан нафас олгим келди. Қўлимни чиқазиб, ёғаётган қорга тутдим. Маза! Эсимда, эндигина турмуш қурган дамларимиз, ёшболадай нуқул қорбўрон ўйнашга югурардик. Ҳатто ҳомиладорлигимда ҳам қўрқмай қорда эрим билан думалаб айланаверибман. Музлаган қўлларимизни иситиш учун қаҳвахонага киришларимиз, ҳар кўрган ширинлигимга ёпишиб, “ейман” деб хархаша қилганим ҳам ёдимда. Севимлигимкўнглимга қараб, нима десам муҳайё қиларди. Ўша йилибирга ўтказган Янги йил байрамимиз ҳеч эсимдан чиқмайди. Ёш эр-хотин тоғга чиқиб, машинамиз ишламай, йўлда қолиб кетган эдик. Қотиб-қотиб кулганча, кичкинагина пишлоқ бўлаги ва лимонад билан, соат миллари тунги 12:00 га бонг урганида байрамни кутиб олганмиз. У бахтли байрам куни, ҳаётимдаги энг ёрқин кун бўлганини билганимда эди… 

—  Ойи, совуқ-ку, нега деразани очдингиз…

Хаёлларимни ўғлимнинг дардманд овози тарқатиб юборди. Дарҳол деразаларни ёпиб, унинг нимжон елкаларини қалин кўрпа билан ўраб қўйдим. Хонамиз бурчагида милтиллаб ёниб-ўчаётган чироқлар билан ўралган миттигина арчамизга қараб хўрсиндим. Байрамга бир ҳафта қолибди… Бутун дунё бу кунни қандай нишонлашни режа қилиб ўтирган бир пайтдамен бағримдаги кичкина қуёшчамни йўқотиб қўйишдан қўрқиб, вақт секин ўтишини истардим. 

— Байрамга қандай совға олишни хоҳлайсан, ўғлим, — унинг катталарникидак маъно тўла кўзларига қарабкайфиятини кўтаришга уриндим. — Истасанг нариги кўчадаги дўстингники сингари ролик олиб бераман…

— Пулингиз етмаса керак…

Чинданам! Билмайман, қайси калла билан унга ролик таклиф қилдим. Фалон пул турса керак… Лекин унинг касалликдан қийналиб, аллақачон маюс тортиб қолган кўзларини чақнаб кетишини чунонам истаётгандимки!

—Менга Худо совға беришини истаяпман, ойи…

—Зўр-ку, ўғлим. Қандай совға сўраяпсан?! 

—Тузалиб кетишимизни. Бошқа ҳеч қаеримиз оғримаслигини…

Уни бағримдан бўшатдим-да, ҳаммомга югуриб кирдим. Сувни ёқдим. Йиғлагим келди, аммоёш чиқмади! Минг азобда ўтган бир йилимиз учун, боламни ҳар куни сўлиб боришига индамай қараб турганим учун, ёлғизлигим, чорасизлигим учун… Ҳаммаси учун ўксиб-ўксиб йиғлашни хоҳладим. Бироқ мен бир неча ойдан буён йиғлолмай қолгандим!

***   

            Эримнинг вафотидан сўнг бир ой ўтмасданоқ ўғлим туғилди. Назаримда, отасининг руҳи унга кўчгандай. Кулишлари, гапирганда бошини сарак-сарак қилиб қимирлатиб қўйиши, ҳатто, ухлаши ҳам отасига икки томчи сувдай ўхшайди. Доим ўзимга-ўзим “Умри ўхшамасин, узоқ яшасин” дердим. Қўрққанинг олдингга шамолдай учиб келиши рост экан. Етти ёшга кирганида оқ қон касаллиги ташхисини қўйишди. Ўғлимнинг ҳар чеккан азобига қўшилиб йиғлайверганим учун, у иккимизни ҳам касал деб ўйларди. Мана, ярим йилдирки операция учун маблағ қидириб овораман. Энди йиғламай ҳам қўйганман. Таниш-билишларим бадавлат эмас, уларнинг ёрдами дори-дармонга етиб турибди. Лекин эллик минг доллар оз-мунча пул эмаски, кимдандир “индинга қайтараман” деган шарт билан сўраш мумкин бўлса. Шу тоб соат миллари яна бонг урди. Ўзимга-ўзим пичирлаб қўйдим: Янги йилга олти кун қолди!

—Ўзингиз биласиз, бизда қиш “ўлик мавсум” дейилади, афсуски, сизга ёрдам бера олмаймиз. — деди ростакам надомат билан корхонамиз раҳбари.

—Тушунаман, лекин фарзандим кўз олдимда нобуд бўляпти. Ўтинаман, жилла қурса пулнинг учдан бир қисмини беринг, умримни охиригача бўлса ҳам ишлаб қаятараман. 

—Қолган пулни қаердан топасиз? Хорижга чиқиш харажатларини ким қоплайди?! Буларнинг бари осон эмас!

Раҳбар яхши одам. Лекин ҳозир унинг “осон эмас” деган сўзи “Тақдирга тан беравер, ўғлинг барибир кўп яшамайди” дегандай жаранглаганди. Унинг ёнидан чиқиб, бироз айлангим келди. Кўчада ҳамма бахтли. Ҳатто кўчанинг ўзи ҳам бахтлидай! Бойларнинг бренд дўконлари дид билан безатилган, ўртаҳол аҳолининг дўкон расталарида ҳам ўзига хос байрамона шукуҳ бор. Энг қизиғи, бу байрам бадавлат-камбағал, ёш-у қарини ажратмайди. Янги йил куни ҳатто энг фақир оиланинг столида ҳам байрамона дастурхон тузалади. Одамларнинг кўзлари порлаб турибди, болаларининг қўлидан тутганча судраб кетаётган оналаренгилгина койиб қўйишяпти. Ўтган йили мен ҳам ўғлимни “Байрамга коньки олиб беринг” деб хархаша қилавергани учуняхшигина танбеҳ бергандим. Бу йил эсау шу қадар улғайиб қолганки, унинг ўзи “Пулингиз етмаса керак” деб менга таъана билан эмас, ҳамдардлик билан айтди. 

—Эҳтиёт бўлмайсанми?! Эй Худо, сал қолдия!

Эсим чиқаёзди! Шиддат билан келаётган қоратусдаги, хорижнинг қиммат машинаси билан тиззаларим ораси бир қадам турарди. Афтидан машинадан тушиб менга бақирган ҳайдовчи ҳам қўрқиб кетган, хизмат костюмини ечиб чуқур нафас ола бошлади. Орқа ўриндан эса басавлат кийинган, ўрта ёшлардаги эркак қўлида сув билан тушиб, ёнимга югуриб келди. 

—Яхшимсиз, ҳеч қаерингиз лат емадими?! Эй Худо, ҳайдовчимга мен тез юришини айтаётгандим, уни кечиринг, илтимос!..

Типирчилаганча гапираётган, менга ҳадеб сув тутаётган эркакнинг юзига қараб бирзум қотиб қолдим-да, сўнг… Сўнг дод солиб йиғлаб юбордим. Менимча, бу менинг йиғилиб қолган, ичимда тугундай қотган фарёдим эди. Эркак гарчи мени овутмаса-да, унинг нигоҳларида аллақандай чуқур ҳамдардликни кўрардим. Билмайман, ўша пайт бизга кимлар қаради, балки мен баъзиларнинг байрам кайфиятини ҳам хира қилгандирман! Мен алам билан йиғлардим, холос!

*** 

            Ярим соатдан кейин биз бадавлат одамлар ўтирадиган қаҳвахонада ўтиргандик. Унга ўғлим ҳақида сўзлаб бердим. У мени негадир кўзда ёш билан жимгина тинглади. 

—Ўғлингиз билан танишсам бўладими?!— деди сўнг умид билан мўлтиллаганча.

— Нима учун?!

— Биз етти йилдан буён рафиқам иккимиз, ҳар куни Худодан бизга фарзанд ато этишини сўраймиз. Бугун рафиқам тушида кичкина фариштани кўрганини, фаришта унга кичкина боланинг оёқ кийимини берганини кўрибди. Эрта тонгда мени қучиб йиғлаганча, “Менга кийилган, эски болалар пойафзалини олиб келинг. Ўшани бағримга босиб, дуо қилишни хоҳлаяпман” деди. Ҳайдовчимни шу сабаб шоширгандим, болалар уйига кетаётгандик. Назаримда сиз менинг йўлимдан бекорга чиқмадингиз. Ахир Худонинг ишларида тасодиф йўқ-ку! 

Кўнглим эриб кетди. Боягина“Байрам олди, мендан бошқа ҳамма бахтли” деб ўйлаётгандим. Тушундимки, ҳатто бойларнинг ҳам бир дарди бор. Нотаниш эркак ўғлим билан танишди, уни қаттиқ қучоқлади. Ва ўғлимдан эскириб кетган оёқ кийимини унга ҳадя қилишини илтимос қилди. Ўғлим бегона амакисининг кўз ёшларини озғин қўллари билан артди-да, “Улар сизга, мен жуда сахийман. Худо оёқ киймимни совға қилганим учун, менга коньки берар эҳтимол” деб жилмайди. 

*** 

Янги йил куни эса бизнингуйимизга қорбобо ва қорқиз келди. Қорбобони ҳамдард нигоҳларидан танидим. Бу ўша бадавлат эркак эди. Ёнидаги қорқиз рафиқаси экани аниқ. У ўғлимни бағрига босди ва совға улашди. Ўғлим катта, қизил қутичани очиб чинқириб юборди. Оппоқ коньки шу қадар гўзал бўлиб кўриндики кўзларимга. Қорбобо эса менга кичкина қутича берди. У ерда мен ҳаётимда қўлимга ушламаган эллик минг доллар турарди. 

— Худонинг ишларида тасодиф йўқ, олаверинг!

Қорқизнинг самимий кулгусига миннатдорлик кўз ёшлари билан жавоб қайтардим: “Бу ўғлимнинг Янги йилда олган энг яхши совғаси бўлиб қолади! Бизнинг энг яхши совгамиз!” 

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1