Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида фармон имзолади.
Унга кўра Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилади.
Университет ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш мақсадида ташкил этилади.
Университет таркибида 3 та факультет: ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи Университет таркибига ўтказилиб, унинг негизида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилади.
Университетда ўқув жараёни 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб ташкил этилади.