1

Мен билан гаплашганлар “Ёмон одам эмас экансиз” дейишади — Ёқуб Аҳмедов

МАДАНИЯТ 14.01.2022, 17:53
Мен билан гаплашганлар “Ёмон одам эмас экансиз” дейишади — Ёқуб Аҳмедов

Севимли актёримиз, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедовдаги бағрикенг­лик, камтарлик ва олижанобликнинг чегараси йўқ. Буни ҳамкасблари ҳам кўп ва хўп эътироф этишади. Суҳбатдошимиз учун байрамлар байрамларга уланади. У 3 январь куни яна бир муборак ёшни қаршилади. Шу муносабат билан ­интервью беришни деярли хушламайдиган ижодкор билан суҳбатлашдик.

— Ёқуб ака, болалик хотираларидан нималар ёдингизда қолган?

— Урушдан кейинги оғир йиллар эди. Тақдир дегани шудирки, 1949 йилда Наманган вилоятининг “Алишер Навоий” номли мусиқали драма театрида Зиннат Фатхуллиннинг “Ғунчалар” пьесаси қўйилди. Кўчамизда яшайдиган шу театрнинг актёри Муҳриддин Мансуров 5-6 та болани кичик ролларни ўйнаш учун у ерга олиб борган. 10-11 ёшдаман, вокзал кўринишида саҳнага чиқиб бақириб-чақириб юрардик. Бошқа болалар тарқаб кетишганди-ю, негадир мени театрда ишга олиб қолишган. Катта актёрларга 150 сўм маош тўлашса, менга 75 сўм беришарди. Қийинчилик йиллари эмасми, ёш бола учун рўзғорга бунча пул олиб бориш катта гап. Роса хурсанд бўлардим, чунки боқувчиси йўқ оила учун бу яхшигина мадад эди. “Ревизор”да Мишка, “Алишер Навоий”да Мўмин Мирзо, “Қор маликаси”да Кейни ўйнаганман. Шу-шу театрга меҳрим тушган. 1959 йилда Тошкент театр ва рассомчилик институтининг режиссёрлик факультетига ўқишга кирганман. Ҳозирги Миллий театр­нинг бош режиссёри Гинзбург курс раҳбаримиз эди. Биз дарсларни бевосита театрда ўтардик. Ўша йиллари қў­йилган “Ганг дарёсининг қизи”, ”Жазоир — менинг Ватаним” спектаклларининг оммавий саҳналарида иштирок этганман.

— Кинодаги илк қадамларингиз ҳам шу пайт­ларга тўғри келса керак?

— Биринчи марта экранда Йўлдош Аъзамовнинг “Мафтунингман” фильмида кичкина эпизодда кўринганман. Кейин “Фурқат” фильмига танлов ­эълон қилинди, бордим. Бошимга бахт қуши қўниб, бош қаҳрамон менга насиб этган. 3-босқич талабаси эдим, кинога тушаман деб, ўқишим чала қолиб кетган. Шунгаям қарамай театрга ишга қабул қилишганди. 

— Театрдаги биринчи ролингизни яхши эсласангиз керак?

— Шекспирнинг “Юлий Цезарь” трагедиясидаги Метель образини ижро этганман. Бу ролни Махсум Юсупов ўйнардилар, касал бўлиб қолганларида менга беришларини илтимос қилганман. Шу саҳнадаги биринчи ролим бўлган. Бу 1958 йил эди. Ўшандан бери шу қадрдон театр­даман. Ҳаётимнинг қувончлариям, аламлариям шу улуғ даргоҳ билан боғлиқ. Гўё бир катта оиладекмиз.

— Саҳнадаги севимли қаҳрамонларингиз...

— Уйғуннинг “Парвона” спектаклидаги Мурод образини яхши кўриб ўйнардим. Бу асарни 1967 йилда Тош­хўжа Хўжаев ёрдамида Шариф Қаюмов саҳналаштирганди. Шу ўринда ҳар бир спектаклнинг муваффақияти асосан режиссёрга боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Чунки режиссёрсиз энг истеъдодли актёр ҳам ҳеч нарса қилолмайди. Афсуски бугунги кунда бу касбнинг қадрини туширадиган ўртамиёна актёр-режиссёрлар кўпайиб кетди. Режиссёрликка туғма истеъдоди бўлса нур устига аъло нур. Аммо бу касбни актёрлик карьера­сининг давоми сифатида қабул қиладиганларга қаршиман. Раҳматли Тошхўжа Хўжаев чинакамига буюк режиссёр эди. Биргина детални эслатиб ўтишим мумкин. “Парвонада”ги Ўткурийнинг қўлига дутор тутиб, қўшиқ айтишга мажбурлаган Тошхўжа ака бўлади. Обид ака мен ашула айтишни билмайман деб роса қаршилик қилган. Лекин айнан шу детал Ўткурий образини бетакрор образга айлантирди. Менгаям Муродни “Ёқуб, сен олимсан. Кўзойнак таққан, ўзига қарашга вақти йўқ, ҳатто севгилисиниям Ўткурийга бериб қўйган, илмдан бошқа нарсани билмайдиган одамсан...” деб лўнда қилиб тушунтириб қўйганлари, эсимда. 

— “Ўшанда бекор ўйнаганман...” деб афсусланадиган ролингиз ҳам борми?

— Менимча, бунақа роль ҳамма актёрда ҳам бўлади. Рости, мен ҳеч қачон  Отелло ролиниўйнашни орзу  қилмаганман. Лекин Евгений Симонов режиссёрлигида шу спектакль саҳнага қайта қўйилганида уни мен билан Турғун Азизовга топширишди. Яхшими, ёмонми имкониятимиз даражасида ижро этдик. Аммо, афсуски  спектакль муваффақият қозонмади. Бунинг сабаби нимадалигини билмайман. Балки режиссёрдадир? Балки Аброр Ҳидоятовдек улкан актёр олдида мен ютқазгандирман?! Таржимаи ҳолимга Отеллони ўйнади, деган ёзув тушгани қолди, холос. Аслида Гамлетни ўйнашни орзу қилгандим. Олим ака, Шукур ака ижросида Гамлетни кўрганман. Улар билан бирга саҳнада ўйнаганман, лекин насиб этмади, орзулигича қолиб кетди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий образини 9 қисмлик видеофильмда ўйнадим. Саҳнадаги Олим Хўжаев яратган Алишер Навоий­ни яратиш орзум бор эди. Кексалик даврини гавдалантирдим, бу орзум амалга ошди. 

— Фақат ўзингизгагина хос овозингиз, сўзлаш санъатингиз бор. Сизнинг маҳоратингиз сабаб биз “Кавказ асираси”даги Сааховни “ўзбекча гапиришни билади”, деб қабул қилганмиз. 

— Ҳозирги Миллий театр биноси ўрнида “Родина” кинотеатри бўларди. Шу ерда фильмлар дуб­ляж қилинарди. “Мафтунингман” фильмидаги эпизодимдан кейиноқ дубляжга таклиф қилишган. Ке­йинчалик “Ўзбекфильм” киностудиясида алоҳида “Дубляж студияси” ташкил топди. Шу ерда узоқ йиллар меҳнат қилдик. Тунлари соат 11 дан тонгги 6 гача ишлардик. Бу ойлик маошимизга яхшигина қўшимча маблағ бўлгани учун ҳам астойдил, бутун борлиғимизбилан ўша ролни ҳис этиб овоз берардик. Мингга яқин фильмларнинг дубляжида қатнаш­дим. Бирини яхши, бирини ёмон дея олмайман. Лекин, тан оламан, Владимир Этуш, Вячеслав Тихоновлар ижро этган ролларни алоҳида яхши кўриб овоз берардим. Дубляж ҳам ўзига яраша бир санъат экан-да, актёр маҳоратини сайқаллайди. Мен ҳалиям бўлса, ўша дубляжга қайтиш керак, деб ҳисоблайман.

— Биз  билмаган Ёқуб Аҳмедов қандай одам? Нималарга қизиқади? Нималарни яхши кўради?

— (Кулиб) Жиддий кўринишимгақарамай,  ўзини мақташга йўйманг-у, учрашганлар, гаплашганлар “ёмон одам эмас экансиз” дейишади. Озгина бўш вақт бўлса, дарров китоб ўқийман, фильмлар томоша қиламан, роль ёдлайман.

— Театрга раҳбар этиб тайинланган даврингиз собиқ Иттифоқ таназзулга юз тутган даврлар эди. Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз билан томошабин яна театрга  қайт­ди. Театрни сақлаб қолибгина эмас, балки Ўзбек Миллий Академик драма театри деган олий мақомга эга бўлишига катта ҳисса қўшдингиз. Шу аснода ижод ўз-ўзиданчетга сурилди. Энди ўтган йиллар, ўйнолмай қолган ролларингизга афсусланмаяпсизми?

— Нега ачинишим керак экан? Балки қайсидир ролларни ижро эта олмагандирман. Қайсидир роллардан воз кечишга тўғри келгандир?! Чунки раҳбарлик кўп куч, масъулият, меҳнат талаб қилади. Лекин доим санъатнинг ичида бўлдим. Саҳнада роллар ижро этдим. Фақат кўпроқ кучимни театр ривожи, репер­туарнинг бойиши, бунинг натижасида жамоадаги актёрлар ижоди янада юксалишига хизмат қилдим. Шундай экан, ижоддан чекиндим, дея олмайман. Ва ўйнай олмай қолган қайсидир роллар учун афсус чекишгаям асос йўқ.

— Ижод ва ҳаёт йўлларида сиз англаган 3 ҳақиқат?

— Ижодга садоқатли бўлиш. Сенга топширилган вазифаларни ҳалол, пок, виждонан бажариш. Унвон, мансабдан қатъи назар, ўз касбига хиёнат қилмаслик. Шулар  узоқ йиллар давомида ижодда юриб англаган ҳақиқатларим. Ҳаётдаги англаган ҳақиқатим эса ёлғоннинг умри қисқалиги! Унинг бир кун барибир миси чиқиб, одамни шарманда қилиши.

— Мухлисларингизга тилакларингиз...

— Хонадонларига тинчлик-хотиржамлик тилайман. Соғликларини эҳтиёт қилишсин. Умр аталмиш неъматнинг бир дақиқасиниям бекорга ўтказишмасин. Шу орада вақт топиб театргаям келишсин. Театр тарбия ўчоғи эканлигини унутишмасин. 

                                                         Туҳфа НАЗАРОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1