“Допинг дастури” мавжудлиги тўғрисидаги айбловлар тасдиқланса Россия терма жамоаси жорий йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларидан четлатилиши мумкин.
Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах Frankfurter Allgemeine Zeitung немис нашрига маълум қилди.
Навбатдаги допинг-можароси Москванинг антидопинг лабараторияси собиқ бошлиғи Григорий Родченковнинг интервьюсидан сўнг авж олди. Унинг айтишича, Сочидаги қишки Олимпиада ўйинларининг камида 15 нафар ғолиби “допинг дастурининг” самараси саналади.
Россиялик атлетларнинг Олимпиада-2016 иштироки WADA ўтказган тергов ишлари натижаларига боғлиқ, дейди Томас Бах.
Агар айбловлар тасдиғини топса, халқаро федерациялар ва Халқаро Олимпия қўмитаси тегишли қарор қабул қилишга мажбур бўлади.