1

Шароф Бошбеков: “Бизнинг болалигимизда иккита муқаддас нарса бўларди: бири – китоб, иккинчиси — хат”

ЖАМИЯТ 27.01.2022, 15:16
Шароф Бошбеков: “Бизнинг болалигимизда иккита муқаддас нарса бўларди: бири – китоб, иккинчиси — хат”

Хабарингиз бор, кеча 26 январь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати”ордени соҳиби, таниқли драматург, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков 71 ёшида вафот этди. Биз бир неча кун аввал драматург билан суҳбат уюштирган эдик. Мазкур суҳбат Шароф Бошбековнинг оммага берган сўнгги интервьюси ва гаплари бўлган бўлса, ажабмас.

Таниқли драматург, ёзувчи Шароф Бошбеков 1951 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Аслида актёрлик йўналишида таҳсил олган ижодкор бир муддат Муқимий театрида фаолият юритган. Асарлари саҳна юзини кўргач, ижод ҳам саҳна ортига кўчади. Шароф Бошбековнинг “Тақдир эшиги”, “Зўрдан зўр чиқса”, “Ер барибир айланаверади” каби драмалари асосида саҳналаштирилган спектакллар, “Темир хотин”, “Масхарабоз”, “Шариф ва Маъруф” фильмлари ва “Чархпалак” сериали санъат ­ихлосмандлари учун қадрдонга айланган. 

Яқинда Ёзувчилар уюшмаси томонидан 2021 йил якунларига кўра“Йилнинг энг яхши асари” республика кўрик танлови ўтказилди. Шароф Бошбековнинг янги нашр қилинган “Танланган асарлар” тўплами “Энг яхши драматик асар” дея эътироф этилди. 2022 йилни ана шундай байрамона кайфиятда кутиб олган ва 4 январь куни яна бир муборак ёшни қаршилаган ижодкор билан суҳбатлашдик.   

— Инсон яна бир ёшни қаршилар экан, ортга назар ташлайди. Болаликни эслайди... Сизнинг хотирангизда биринчи қайси воқеа гавдаланади? 

— Болалигим ҳақида гап кетганда биринчи галда ярқ этиб, поезднинг тагида қолиб кетганим ёдимга тушади. Отамнинг отаси инсульт дардига чалинганидан кейин бизникида, Булунғур тумани марказида яшарди. Ҳарқалай, марказ — марказ-да. У пайтлар “инсульт” деган сўзни билмасдик, қишлоқда “Нормат бова шол бўп қопти” деган гап тарқалди. Катта отамга, асосан, онам қарарди: биз кичкинамиз, отам кун бўйи ишда. 

Бир куни катта отамга кўйлак­иштон тиктиришга тикувчиникига борадиган бўлдик. Уйда нимаям қилардим зерикиб, қорда сирпана-сирпана бориб келаман. Тикувчининг уйи темир йўлнинг нариги бетида эди. Бир йўла бозордан мато олиб йўлга тушдик. Темир йўл бозордан 300-400 метр узоқликдан ўтган. Қарасак, иккита юк поезди турибди. Ишимизни битириб қайтиб келсак, иккита эшалон ҳали ҳам ўрнидан жилмай турган экан. Биринчисидан эсон-омон ўтиб олдик, иккинчисининг тагига шундоқ энгашганимни биламан, қаёқдандир қасур-қусир, гум-қарс деган қаттиқ шовқин эшитилиб қолди. Болалик тасаввуримда устимга вагон ағдарилиб тушаётгандай туюлиб кетди. Беихтиёр ерга қапишдим. Кейинчалик билдимки, вагон ғилдиракларининг тормоздан ажралиши шундай шовқинга сабаб бўлар экан. Ғилдиракларнинг ўтиб кетишини пойлаб турдим, ўшандан ке­йин анча очиқ жой келади — “лип” этиб рельсдан ўтиб оламан, деб ўйладим. Бир пайт қарасам, вагонлар уланган жойда аллақандай шланг ва темир тўппа-тўғри мен томонга келаётир. Зудлик билан ўзимни четга олиб, рельс билан ўрталиқнинг орасига сурилиб олдим. ­Поезд тезлаша бош­лади. ­Бирпасда одамлар тўпланди. Бозор яқин эмасми, “Битта болани поезд босиб кетибди” деган ваҳимали хабар тарқалади. Одамлар савдосини ҳам ташлаб, темир йўл томон югуришган. Ҳамманинг кўнг­лида бир хавотир: “Бола нарса, қўрқиб ўрнидан туриб кетмасин-да ишқилиб” деган ўй чарх урарди. Лекин поезднинг тагида ётган “бола нарса” ёшига нисбатан ўлгудек пишиқ ва эҳтиёткор эди...

Бу орада состав анча илдамлаб, “рельсдан “лип” этиб ошиб ўтиш” умиди пучга чиқди. Калта пальто кийиб олганим сабаб тиззаларим музлай бошлади. “Тамом бўлай дедими?!” деб бақираман, қани энди ғилдираклар шовқинидан эшитилса! Ҳамма қўли билан “ёт, ёт” дегандай ишора қилади. Одамлар ҳам қизиқ, мен нима қиляпман, ётмай?..

Бундан-да ёмони, ­поезд тезлашган сари ғилдиракларнинг шамолида оёқларим кўтарилиб-кўтарилиб кетарди. Тирноқларим билан шпалга ёпишаман. Кейинчалик ҳам ҳаётда мушкул аҳволга тушиб қолсам, “тирноқларим билан ёпишиб”, кўп мураккаб вазиятлардан чиқиб кетганман. Масалан, 48 ёшимда инсульт бўлиб қолдим. Кўпчилик бундай дарддан оёққа туриб кетиши мушкул, мен бўлсам, машина миниб юрдим. Аввало — Худо, кейин менинг “тирноқларим билан ҳаёт­га ёпишиб олишим”, деб ўйлайман.

Поезд ўтиб бўлиши билан одамлар мени кўтариб олишди. Қўлма-қўл бўлиб кетдим. Яқин жигарларим — ўз йўлига, лекин етти ёт бегоналардан бунчалик меҳр, бунчалик илиқлик туяман, деб сира ўйламагандим. Кимдир ботинкамни, пайпоғимни ечиб нафаси билан “уҳ”лаб иситган, ёшгина бир келинчак қорни кафтида эритиб, ҳушидан кетиб ётган онам­нинг юзига сув қилиб сепган. Зўр бериб оёғимни нафаси билан иситаётган йигитнинг мўйлови товонимни қитиқ­лагани эсимда. Бир мўйсафид тинмай калима ўгирарди.

“Халқ” деган сўз ниҳоятда ­абстракт, мавҳум тушунча. Бу сўз мен учун ҳеч ҳам мавҳум эмас. Мен учун бор, реал одамлар. Ҳозир бу одамлар ҳаёт эмасдирлар, лекин миллионлаб мўйлови оёғимни қитиқлаётган йигитлар, онамнинг тепасида жон куйдираётган миллионлаб ёш келинчаклар, миллион­лаб калима ўгираётган мўйсафидлар, қайноналар, ёшу қари, аёлу эркаклар... “Халқ” деганда шулар келади кўз олдимга. Олти ёшли болакайнинг мурғак қалбига сингдирилган бу меҳр то ҳаёт эканман сўнмайди!

— “Виждон – кўричакдай гап: ҳеч иш қилмайди-ю, оғриғи оламни бузади” деган фикрингизни ўқидим. Виждонингиз билан қачон илк бор юзма-юз келгансиз? 

— Ё олтинчи, ё еттинчи синфда ўқир эдим. Айтсам ишонмассиз, одам бўлиб бирор марта дарс қолдирмаганман ёки дарсга ўқитувчидан кейин кирмаганман. Бир куни нимаям бўлиб ухлаб қолибман-да! Оббо, Худо урди! Мана, мактаб ҳовлисига кўзимда ёш билан югуриб кирдим. Коридордаман. Йиғлаб боряпман. Шунда тўсатдан қарши томондан йиғлаб келаётган синф­дошим Гулсарага кўзим тушди. У ҳам бирор марта дарс қолдирмаган, аълочи, менинг “конкурентим”. Уни кўрдим-у, ўз-ўзидан кўзимдан ёш, кўнглимдан ғам ариди. “Ана, Гулсара ҳам кечикибди-ку” деган юпанч шууримни эгаллаб олди. Синф­га кирдик. Муал­лим кўзойнаги устидан қараб, “Бошбеков билан Носирова кечикдими — охир замон бўпти” деди-ю, уҳ тортганча ўтиришга рухсат берди. Гулсара ўтиргандан кейин ҳам йиғлашда давом этаверди. Биз ҳам ўтирдик, без бўлиб.

Уйга бориб бўлган воқеани онамга гапириб бердим. Онам ақлли аёл эди. Бирпас сукут сақлаб турди-да, “Ўғлим, синфдошингнинг тиши оғригани билан сенинг тишинг­нинг оғриғи камаймайди-да”, деди. Бир ишни қойил қилиб қўйгандек, ғўддайиб туришимдан асар ҳам қолмади.

Бу воқеа мен учун мактаб бўлиб қолди...

— Етмиш бир ёшни қаршилашингиз арафасида янги китобингиз, яъни “Танланган асарлар” тўп­ламингиз нашр қилинди. Табриклаймиз! Одатда китобингизни биринчи кимга совға қиласиз? Кимлардандир қизғанасизми?

— Биринчи китобимни, албатта, қизларимга туҳфа қиламан. Китоб ўқимайдиганлардан қизғанаман. Улар “Фалончи менга ўз қўли билан дастхат ёзиб берган” деб мақтаниш учунгина олиб, қимматбаҳо идишлар сақланадиган сервантга дастхатингиз ёзилган бетини очиб қўйишади. Нафсиламбирни айтганда, улардан ҳам қизғаниш керак эмас, ўзи ўқимаса болалари ўқир, неваралари ўқир ва қачонлардир сервантдан китоб жавонига кўчишига ишониб қоламан...

— Адабиётнинг янги вакилларини кузатиб борасизми? Охирги марта қайси асарни ўқиб, “Бўларкану” дедингиз? 

— Санъат институтининг драматургия бўлимини яқинда битирган Ҳуснора Рўзматова қаламига мансуб “Тушлар” номли фильм сценарийсини ўқидим. Умуман, бугун тўртта қиздан учтаси шеър ёзаётган замонда ниҳоятда мураккаб бўлган драматургияда қалам тебратаётган қизни учратиш қувончли ҳолдир.

— Сизга ёзувчи сифатида қай бири яқин: киноми ёки театр? 

— Албатта, театр. Мен кино билан театрнинг фарқи ҳақида ярим ҳазил, ярим чин қилиб ёзган эдим. Театр, бу — ота-она, ака-ука, опа-сингил, хуллас, оила. Кино эса жазман — ҳар замонда бир бориб қўясиз. Лекин жазман қурмағур ниҳоятда жозибали-да, сизни тезда машҳур қилади-қўяди. Аммо у ўзи хоҳлаган пайтда қабул қилади, сиз ўз ҳолингизча кириб ўтириб ололмайсиз. Сиз “ўзи хоҳлаган пайт қачон келар экан” деб кутиб яшайверасиз. Ойлар ўтади, йиллар ўтади — телефонингиз жим. Жазманингиз аллақачон сиздан ёшроқ, сиздан чиройлироқ бошқа биттаси билан ишини битказиб юрган бўлади. Сизсиз ҳам кино тўхтаб қолмайди, ахир. Театрга бўлса доим кераксиз: сочингизга қиров тушиб, юзингизни ажин қоплаганда ҳам ташлаб қўймайди. Чунки юқорида айт­ганимдек, у – оила. Шу сабабдан ҳам “соф киноактёрлар”га раҳмим келади.

— Ёзганларингиз экранга кўчгач, кино олами вакилларининг топилмаларидан қувонганмисиз? Умуман топилмалар кўпроқ бўлганми ёки “йўқотиш”лар? 

— Албатта, яхши олинган кадр, эпизоддан қувонади киши. Биласизми, режиссёр бошқа одам, у сиздан кўра сал бошқача фикр­лайди, сал бош­қача кўради, сал бошқача тасаввур қилади. Ана ўша “сал-сал”лар кўпайиб, катта нарсага айланиб кетиши мумкин. Бу ёқимсиз нарса...

— Фейсбукдаги саҳифангизда “ўзимдан ўтадиган душманим йўқ экан...” дея ёзгансиз. “Ўзингиздан ўтадиган дўстингиз-чи”, борми? 

— Бор. Рустам Жулбеков деган дўстим. Раҳматли. Гулистон шаҳридан. Умрининг сўнгги йилларида тез-тез Тошкентга келиб, касалхонаю санаторий қилиб кетарди. Уйим билан шифохона ўртаси яқин, пиё­да борса бўлади. Лекин у бўлиб-бу бўлиб, дўстимни кўриб келишни орқага сураверардим. “Бугун кеч бўлиб қолди, эртага борарман”, “Бугун жуда чарчаганман, кейин бориб кўриб келарман” деган баҳоналар бисёр эди. Шу тахлит кунлар ўтарди, ҳафталар ўтиб кетаверарди. Кунлардан бир кун мени хижолатдан қора терга ботириб қўлида тугун билан уйимга Рустамнинг ўзи кириб келарди.

— Манави “тандир”, қашқадарёлик курсдошлар берворибди. Бир ўзимнинг томоғимдан ўтмади, сенга илиндим...

Э, воҳ! Қаерда кўргансиз бундай дўстни?

— Уч қизнинг отасисиз. Бир қизингиз ижодкор. Қатор невараларнинг бобосисиз. Болаларга кичиклигидан нимани уқтириб бориш шарт, деб биласиз? 

— Бизнинг болалигимизда иккита муқаддас нарса бўларди: бири – китоб, иккинчиси — хат. Биз ҳаётимизни китобсиз тасаввур қилолмасдик. Ёстиғимизнинг тагида китоб, сумкамиз тўла китоб, мактаб ва туман кутубхонасидаги китоблар бизга мунтазир. Дўкондаги янги чиққан китобларни-ку, қўяверасиз. Биздан “жон сақлаши” мушкул эди.

Хатнинг жозибаси нимада? Мен Украина пойтахти Киевда ҳарбий хизматни ўтаганман. Ҳар сафар уйимдан хат олганимда конвертнинг ичида 0,2 грамм Ўзбекистон ҳавоси билан 0,2 грамм қишлоғимнинг ҳиди кириб келади. Буни мусофирликда яшаб туриб, она юртидан хат олганларгина билади ва ҳис қилади.

— Нима деб ўйлайсиз: одамлардаги қайси иллат йўқолса, бахтлироқ, тинчроқ яшайди?

— Нафс балоси йўқолса, ҳамма иллатдан қутуламиз.

— Вақтингизни нималарга сарфлашдан қўрқасиз?

— Беҳуда баҳслашишдан. Бу, кўпинча, ижтимоий тармоқлардаги тортишувларда кўринади. Қарасам, фойдаси йўқ — индамай қўяқоламан. Буни кўпчилик баҳсда ўзича мен енгиб чиқдим, деб тушунади... 

— Туғилган кунингиз муносабати билан кўплаб табрик, тилаклар олганингиз аниқ. Яна яхши асарлар ёзишингизни тилаганлар ҳам талайгина бўлса керак. Яна яхши қандай асар устида ишлаяпсиз? Яна бир саволим, ўзингиз одамларга биринчи нимани тилайсиз? 

— Шу кунларда “Танланган асарлар”имга сиғмай қолган ҳикоялар, суҳбатлар, мақолалар, таржималаримни тўплаб, алоҳида-алоҳида чоп эттирмоқчиман. Мен жуда ўзини яхши кўрадиган, худбин одамман. Ўзини яхши кўрадиган одам ўзига нимани тиласа, бошқаларга ҳам шуни тилайман.

Маълумот учун: Драматургнинг вафоти олдидан берган сўнгги интервьюси "Даракчи" газетасининг бугун нашрдан чиққан 4-сонида чоп этилган. 

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА суҳбатлашди

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1