“Муҳаббат тафти” сериали орқали танилган ҳинд актёри Барун Собтининг Тошкентда меҳмон бўлганидан хабарингиз бор. Унинг Ўзбекистонда келиши ҳақиқий шов-шувга айланди, десак муболаға бўлмайди.
“Shov-shuv.uz” сайти Арнавнинг Ўзбекистонга келишини ташкиллаштирган Дилдора Зайнутдинова билан боғланиб, таниқли актёрни Тошкентга олиб келиш жараёни қандай кечгани ҳақида суҳбатлашди.
-“Тўйлар муборак” фестивалида Барун Собти билан ҳамоҳанг либосларда кўриниш берганингиздан кейин кўпчиликда бир фикр уйғонди. Гўёки, уни севиб қолгансиз?
-(Кулади). Майлими, бу саволингизга кейинроқ жавоб бераман! Тадбирни кўнгилдагидек ўтиши учун максимал даражада ҳаракат қилдик. Дизайнерлар Ғайратхон ва Нодирахон меҳмон учун бир неча костюмлар тикиб беришди. Нодирахон мен ва унга мослаб, ҳинд миллий либосларини яратди. Тадбирга бирга кириб келганимизда, томошабинларнинг “Арнав хотини билан келибди” деган гап-сўзлар менинг ҳам қулоғимга чалинди. Барунга тўн кийдирдик. Одатдагидек зарчапон кийдиришни лозим топмадик. Шунинг учун меҳмон учун махсус тарзда беқасамнинг яшил рангини танлаб, чопон тиктирдик! Унга жуда ярашди.
-Шунча либослар тиктирибсиз. Бу актёрнинг шартларидан бири эдими?
-Бу биздан туҳфа эди. У келишидан олдин тана ўлчамларини сўрадик. Барунни бошқа мамлакатларда қай тарзда кутиб олишганларини ўргандик. Уни оммага Собти сифатида эмас, Арнав қиёфасида кўрсатгимиз келди.
-Унинг характеридаги қайси жиҳатлар сизда ёқимли таассурот қолдирди?
-Жудаям камтар. Оддий оиладан чиққан. Барча шартларимизга кўнди. Нолимади. Шу боис, онахонлар роса дуо қилди. Унинг характери ўзбек эркакларникига ўхшаб кетади!
-Рақифаси сиздан рашк қилмадими? Нима деб ўйлайсиз?
-Рашк қилди. Оооо, рашк қилганда ҳам қандоқ?! Назаримда, мода намойишида Собти билан бирга тушган суратларимиз ижтимоий тармоқларда тарқаб кетганидан оз фурсат ўтмай, рафиқаси ҳар соатда телефон қила бошлади. У анча вақт нималарнидир тушунтирди.
-Фестивалдан бир кун олдин у тўйда ҳам меҳмон бўлди. Айримлар бу актёрнинг тўйга келганидан фойдаланиб, тадбирларга ҳам таклиф этишга улгуришган деган фикрга ҳам келди. Бунга нима дейсиз?
- Яқин инсоним тўйга таклиф қилган эди. Ушбу тўй ташкилий ишларига ўзим ҳам бош-қош бўлганман. Бормасам бўлмасди! Меҳмон билан кечки овқатга боришдан олдин чамаси соат 9 ларда бирров тўйда кўриндик. Меҳмон бўлдик. Собтига ўзбек тўйи жуда ёқди. Гуллар ва замонавийликни алоҳида урғулади.
-Маълумотларга қараганда, у кетишидан олдин бир ўзбек фильмида эпизод рол ҳам ўйнабди. Фильмни қачон кўрамиз?
-Август ойида дейишди. Режиссёр Озод Шамснинг “Севади ё севмайди” фильмида Барун Собти ва мени бир ажойиб лавҳада кўришади.
-Бу рол олдиндан режалаштирилганмиди?
-Йўқ, тасодиф бўлди. Аэропортга кетишидан олдин 30 дақиқа ичида суратга олинди.
-Сир бўлмаса, эпизод учун қанча гонорар олди?
-Бу ҳақда маълумот бера олмайман.
-Тошкент ҳақида таассуротлари қандай?
-Об-ҳаво жуда ёқди. Кўркам табиатимиз, одамларимиздаги илиқлик ва меҳмондўстликдан боши кўкка етганини бир неча бор таъкидлади.
-Мухлислик иштиёқи ўз йўлига. Бироқ, тартибсизлик ҳам кузатилди...
-10 та тансоқчи ҳам қийналиб қолди. Бунақа даражада шов-шув ҳали бўлмаган. Аэропортга ҳам бир неча мухлислар чиқишди. Унинг иштирокидаги 3 та тадбирда ҳам мухлисларни уддалаш осон кечмади. Таъбир жоиз бўлса, одамлар бир-бирининг устига чиқиб кетишди. Меҳмон бечора либослар намойишини ҳам эмин-эркин кўра олмади. Фақат дастхат қўйиш билан банд бўлди. Омма ҳали бундай катта тадбирларга тайёр эмас эканлигига амин бўлдим. Суратга тушиш маҳалидаги мухлисларнинг тартибсизлигига чидаб тура олмадим. Уларга бақиришга мажбур бўлдим. Очиғи, меҳмон юзлаб мухлислар билан суратга тушавериб терга ботди. Бироқ, сабр қилди. Ҳаммасини ичига ютди.
-Халқ орасида “Ишани” номи билан шуҳрат қозонган телесериал қаҳрамонларини ҳам таклиф этарсиз балки?
-Бу сериални экрандан олиб қўйишди. Тўғри, жуда оммавийлашган сериал. Уни таъқиқлашган. Демак, сериал қаҳрамонлари келишига ҳам таъқиқ бўлиши табиий. Бироқ, бошиданоқ менда “Ишани”чиларни эмас, “Муҳаббат тафти” қаҳрамонларини таклиф этиш мақсади бор эди. Ва бу мақсадимга етдим ҳам.
-Собтини таклиф этишингизга асосий сабаб нима бўлди?
-Фестивалга хориждан таниқли меҳмон чақириш истаги туғилди. Бу борада омма истагини ҳам инобатга олиш лозим эди. Бозорда айланиб юрсам, “Муҳаббат тафти” сериалининг диски талаш. Мен ҳам қизиқиб, сотиб олдим. Томоша қилдим. Шундай қилиб, мен излаган ва истаган меҳмон топилди! Кейинги йил фестивалга “Хуши”ни чақирмоқчиман!
-Катта лойиҳаларда ёрдам берадиганлар қаторила тўсқинлик қиладиган ҳам топилади. Собти билан матбуот анжумани “Киночилар уйи”да ўтказилиши керак эди. Афсуски...
-Қанақадир сабаблар бўлди. “Ўзбекинно” раҳбари матбуот анжумани “Киночилар уйи”да жуда истади. Бироқ, фестивалга яқин қолганда бекор қилишди. Аниқ сабабларини айтишмади. Буни эса ҳануз тушунмайман. Бироқ, матбуот анжуманини “Рэдиссон” меҳмонхонасида ўтказдик! Ёрдам берганлар кўп бўлди. Жуда хусандман. Шу ўринда, суратга тушолмаган, саволига жавоб ололмаганлардан узр сўрайман.
-Суратлардан маълумки, меҳмонга талай совғалар улашилди. Актёр уларни нима қилди?
-2 та катта “қоп”га солиб, ўзи билан олиб кетди. Уйида мухлисларининг совғалари учун музей очиши таклифини бердим. Хилма-хил совғалар. Тилла соат ҳам бор! Собти сурати чизилган лаганлар, пахта гулли чойнак-пиёлалар... Ҳаммаси қадрли. Барини олиб кетди!
-Наздимда, биринчи саволимга жавоб бериш мавриди келди...
-Севишга арзигулик инсон!
АДНАН ЯНУЗАЙ БЕЛЬГИЯ ТЕРМАСИГА ҲИЁНАТ ҚИЛМОҚЧИhttps://t.co/6YmopVoBD0 pic.twitter.com/x7YQ6ax3XG
— DARAKCHI.UZ (@darakchi_news) 26 мая 2016 г.