1

Қабристондаги чақалоқ йиғиси

МУТОЛАА 30.05.2016, 15:10
Қабристондаги чақалоқ йиғиси

Бу воқеани жиззахлик мухлисимиз Акобир Йўлошев ёзиб юборибди. Қизиқарли бўлгани боис сизга ҳам илиндик... 

“Бизникига меҳмонга келган қишлоғимиз қабристонининг қоровули гапириб берди. Эшитиб, юрагимизни қўрқув ва ваҳм босди.

—  Ҳамма билади, эсимни билганимдан буён шу қабристонга қоровулман, — деб гап бошлади бобо. — Отам шу касбни қилган, отамнинг ёнида юриб, менга мерос қолди. Кўп ажабтовур воқеаларга дуч келганмиз. 

—  Арвоҳларни ҳам кўрганмисиз? — сўради қизиқсиниб акам. 

—  “Арвоҳ — ҳозир”, деган гап бор. Қай бир оиланинг бошига ғам, қайғу соя солса, албатта нимадир бўлган. Уларни ҳозир биттама-битта эсласам, бирига ишонасиз, бирига йўқ. Битта сира эсимдан чиқмайдигани бор, шуни айта қолай. Унда раҳматли отам ҳам ҳаёт эди. Қоровулхонада ётиб қолишимга изн бермасди. Онам ва укаларимнинг ёнига қайтариб юборарди. Бир куни отамга овқатини келтириб берганимдан сўнг, атай қоровулхонанинг бурчагига чўзилдим. 

—  Ётма болам. Уйқунг келиб қолади. Уйга бор, бир йўла уйда ухлайсан, — ҳар боимгидек эътироз билдирди отам. — Тур, турақол. Ўзим сени дарвозадан чиқариб юбораман...

Иккаламиз дарвоза томон юрдик. Отам мени шитоб билан етаклаб, қабристондан чиқариб юборишга тиришарди. Аммо мен ўнг томонда, қабристон этагида турган бир шарпани пайқадим. Тун қоронғи, атроф зимистон. Отамнинг қўлида фонар бор холос. Аммо кўзим тушган шарпа хира туманга ўхшаб кўриниб турарди. Бу қоронғиликла аслида туман умуман сезилмаслиги керак. Аммо шарпа аниқ эди. Мен негадир қўрқмадим. Отам худди ҳар куни дуч келиб юрадигандек парво қилмасликка уринди. Лекин менинг кўрганимни сезиб, секин деди:

—  Кетишга қўрқмайсанми? Қўрқсанг, қол. 

—  Онамга нима деймиз? — дедим мен отамнинг ёнида қолаётганимдан қувониб. 

—  Ўтган-кетгандан айтиб юборамиз, — отам шундай деб кўчага аланглади. 

Ўн дақиқа ўтар-ўтмас велосипедда бир киши ўтди. Биздан икки уй нарида турадиган қўшнимиз экан. Отам дарҳол унга менинг қаровулхонада қолганимни уйдагиларга айтиб қўйишимни тайинлади. 

Сўнг отам иккимиз ортга қайтдик. Отам дарҳол ўтириб тиловат қилишга тушди. Узоқ дуо ўқигач, менга юзланди:

—  Чўпон бобонинг мазаси йўқ дейишди. Шу гап чиққанидан буён бобонинг кампири ётган томонда шарпа пайдо бўлгандек. Икки марта кўзим тушди. Дуо ўқиб юбордим ҳақига. Энди тинчийди. 

Отам буларни менга сабоқ бўлсин, келажакда шундай қилсин, деб айтишини билардим. Ҳозир ўзим ҳам отамнинг йўлини тутаман. Яқинда бўлган воқеадан кейин анча ўйланиб қолдим. Сабаби, бунақасига отам ҳам дуч келмаган бўлса керак. Икки кеча қабристонда чақалоқ йиғлагандек бўлди. Аниқ-тиниқ эмас-у, бир-бир инграган, “инга”лаган овоз эшитилиб қолади. Мушукмикан, десам қиш эмас, қулоғимга чалиняптимикан, десам, бир эшитмадим. Отамга ўхшаб, дарҳол дуо ўқишга киришдим, қани тинчиса. Кўп эмас, ярим тунда бир-бир эшитилиб қолади. Охири кундузи чақалоқлар кўпроқ қўйилган томонга юриб, синчиклаб қарадим. Тоғ яқин эмасми, ярамас тулкилар битта-иккита қабрчаларни кавлабди. Дарҳол кетмон келтириб, яхшилаб бекитдим. Дуо ўқидим. Ўша куниёқ уйдаги кучугимизни олиб келдим. Овози чиқиб турса, тулки қочади-да. Шу билан овоз ҳам, шовқин ҳам тинди. Тулки кавлаганига гўдакларнинг руҳи чирқираганига амин бўлдим. Бунақа воқеалар ора-сира бўлиб туради. Шунинг учун қабристон қоровули ҳушёр бўлиши керак...”

КАМИНА оққа кўчирди


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1