Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳақида эшитганмисиз? Унда ота-онаси, у ёки бу яқинлари томонидан келтирилган 14-18 ёшгача бўлган қизалоқлар яшайди. Тарбия ҳаёт-мамот масаласига қиёсланишида ҳикмат кўп, бўлмаса, ота-она ўз фарзандини бағридан юлиб, бу ерга юборармиди?!
Келтиради, фарзандига вақтида тўғри тарбия беролмаганлар сўнгги нажот сифатида кўради бу манзилни. Ўз ота-онаси билан тил топиша олмаган болалар энди бошқа миллат, бошқа дин вакили бўлган тенгдошлари билан аҳилликда яшашни ўрганади. Тўғри тарбиянинг асоси ҳамма миллат қарашларида ва деярли барча динда мавжуд. Шу туфайли дунёда кўплаб зиёлилар қайси динга амал қилиш эмас, балки тарбия тўғри берилиши керак, деган хулосага келишган.
Мақола давомида қизалоқларга сўз берамиз, уларнинг кичиккина ёшда ўзи мисолида яратган катта ҳикоялари сизни ҳам беъэтибор қолдирмайди ва мана шулар орқали жамиятимиздаги кўплаб муаммоларга ечим топилишига ишонамиз.
Дастлабки суҳбатдошимиз Райҳона Жонузоқова 17 ёшда. Миллати ўзбек. Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридан. Зиёли оилани фарзанди.
- 17 ёшимни мана шу ерда, яқинларимсиз нишонладим. Жуда чиройли тадбир уюштирилди. Лекин нимадир кемтик. Нимамнидир йўқотгандек бўлдим. Ўшанда англадим нималар қилиб қўйганлигимни. Ота-оналар фарзандини "тикан"и бўлса ҳам юмшоғим, дер экан. Мени ҳам шунча зирапча каби қилиқларимга қарамай қўли эмас, бошида катта қилишди. Улар менга барча шароитни яратиб бердилар, ўзлари 1 та кам кийим кийишса ҳам, мен истаганимни олардим. Дугоналарим бир йилда битта оладиган сумкани мен 2 хилини тақардим. Акаларим ҳам, дадам ҳам бирор марта қаттиқ гапирмаганлар, уришмаганлар. Мен: "Ота-онамни бўйнидаги вазифаси шу, улар кўнглимга қарашга мажбур", деб ўйлардим. Бу ерда хулоса қилишим учун етарлича вақтим бўлди. Улар мени ҳаётим, борим экан, уларсиз мен ҳеч ким эмасканман.
Бу муассасада турли миллатли, турфа динли, ўзгача урф-одат ва қарашларга эга қизлар бор. Ўз яқинлари билан келиша олмаган биз каби қизлар, энди бошқа миллат вакилларини тушуна оляпмиз, қандай бўлиш инсонни ўзига боғлиқ экан. Яхши бўлсанг, ҳаммадан яхшилик кўрасан, ҳатто бошқа миллат вакиллари билан бир-биримизни тилимизни ўрганяпмиз. Урф-одатларимиз ҳақида гаплашамиз, ҳаммаси ҳам яхшиликка чорлайди. Тарбияланувчи қизларни баъзиларини ҳеч кими йўқ. Улар билан "Бир кемага тушганни жони бир", деб яхши-ёмон кунларимизда жипс бўлиб биргаликда яшамоқдамиз. 2021 йил 17 февралда бу ерга келгандим. Шароит жуда яхши. Бу ерда турли тўгараклар ва қўшимча дарсларга қатнашаман. Адабиётшуносликга қизиқаман. Чиққанимдан сўнг, ота-онам орзусини рўёбга чиқариш, она-тили адабиётдан дарс беришни истайман, шеър ҳам ёзиб тураман. Кунларим қизиқарли, мароқли ўтади. Ҳар хил суҳбатлар бўлади. Ўқитувчилар, психологлар биз билан ишлайди. Мактабдаги барча устоз-тарбиячилар қўл бериб, бағрини очиб, қўллаяпти бизни.
9 ой олдинги Райҳона қўрқарди, 1 та нарсадан ажралолмасди. Ҳозир анча дадилман, мақсад қўйдим олдимга, ўшанга интилиш баробарида, одамларга яхши хислатларимни намоён эта олаяпман. Ўзимга ишончни ёрдам қўли орқали янада мустаҳкамладим. Энди бирор масалада қарор қабул қилишда шошилмайман, аввалги хатойимни такрорлашни хоҳламайман, кўчадагиларни гапига қулоқ солмайман. Келгусида ўзимни яқинларим, отам, онам, акаларим билан маслаҳатлашиб, уларни фикри билан ўзимникини қўшган ҳолда бир қарорга келаман.
Кўпчилик бу ерга келишни "фожиа" даражасида баҳолайди. Аслида бу ерга келмаганимда фожиани каттаси бўлиши мумкин эди. Ота-онами тўғри гапини тушунмаган эканман. Фурсатдан фойдаланиб улардан, яқинларимдан кечирим сўрамоқчиман. Уларни қадрига етаман худо хоҳласа. Ҳечдан кўра кеч, деб тушундим хатоларимни ва уларни тузатиш ҳаракатидаман!
Татьяна Уварова, 17 ёшда. Тошкент шаҳридан. Миллати татар. 2021 йил март ойидан буён шу ерда тарбияланмоқда. 3 та тилда мулоқот қила олади. Инглиз тилидан IELTS 5.5 сертификати бор.
-Аввал бувим билан яшаганман. Ота-онам мен 6 ойлик чақалоқлигимда бувимга ташлаб, хорижга кетганлар. Онам Россияда яшайди, менга қарашга вақтлари бўлмаган. Чунки улар "bizneswomen". Дадам Қозоғистон фуқароси... Мени бувим эса фаришта. Лекин жуда муаммоси кўп, кир ювади, уй йиғиштиради, овқат қилади... Уларни хафа қилишни истамасдим, аммо баъзан уларни эшитишни истамаганман, баъзан улар мени эшитмаганлар... хато қилдим, бошқа қилмайман...
Мен одамлари кулиб яшайдиган қуёшли юрт- Ўзбекистонда туғилдим, бу ерда ҳамма одамлар яхши, ҳаммаси бир-бирига меҳр бериб яшайди, ўзбеклар самимий инсонлар. Мен уларни орасида яшаяпманми, демак биринчи навбатда уларни тилига ҳурмат кўрсатишим керак деб ўйладим. Мен келганимда ҳамма ўзбек тилини биларди. "Нега шунақасан Таня, нега сен ҳамма билган тилни билмайсан", деб ўзимни койидим. Кейин бу тилни ўрганишга киришиб кетдим. Ўзбеклар билан яшаётганимдан хурсандман. Бу мактабга келмаганимда ҳам яхши бўлмасди, кўчада ҳолим не кечарди?! Бу ерда мени ёмонликлардан ва ёмонлардан сақлаяпти, 5 маҳал овқат беради, билим беради, психологлар менга эътибор қилади, устозлардан нима сўрасам айтиб беради,"Директоройим"бизни эшитадилар. Мени бошқа миллат вакили эканлигимни сездиришмайди, барчага бирдек муносабатда бўлишади. Бошқа миллат вакили бўлган қизлар билан кулишиб ўтирамиз, орзулар қиламиз. Хаёлан келажакни яратамиз. Келажакдаги актриса ролини ўзим учун танлаб олганман. Ҳозир ҳар бир фанни чуқур ўрганаяпман, келажакда фарзандларимга ўргатаман. Ўзим билмасам уларга ким билим беради?! Мен ўзбек йигити билан оила қураман, 3 та ўғил, 2 та қизимиз бўлади. Зўр она бўлмоқчиман, уларга меҳр бераман, уларни доим эшитаман. Бу ердан чиқиб, жуда бахтли инсон бўламан. Мен кўп нарса ўргандим, ҳаётдаги хулосаларим асосида айта оламанки, инсон инсонни қадрлаши, сақлаши керак экан. Бизда ҳамма нарса бор, нафас оляпмиз, соғлом инсонмиз, кулиб яшаш керак доим. Яна Яратганга шукр қилишни канда қилмаяпман, бошқалар ҳам шундай қилишини истайман.
Насибаҳон Соипова, Тошкент вилояти, Оққўрғон туманидан. 7 ой аввал тарбияланувчилар сафига қўшилган. Миллати ўзбек.
-Авваллари Республика дизайн мактабида ўқирдим. Дадам олий маълумотли шифокор, онам олий маълумотли ўқитувчи. Улар доим хоҳиш истакларимни бажариб келишган.Тарози палласида фақат мен бўлиб қолгандим, улар ўзидан кўпроқ мени ўйлаганлари учун. Охир тарози палласи мен томонга эгилиб, ағанади…Ҳаммаям хато қиларкан. Фақат вақти келганда энергияни тўғри томонга сарф қилиш керак экан. Авваламбор бир нимага бир нима сабабчи бўларкан. Англаб етдим онадай ҳеч ким бўлолмайди, бошқа ота-она ҳеч қаерда топилмаскан. Англаганим, бахт бу - оила!
Қизларни бу ерга келишига ўзлари айбдор, деб ўйлайман. Дунё - магнит, ёмон хаёлларни, ёмонликларни чиқазиб юбориш керак. Коинотга бераётганимиз ўзимизга қайтади, бумеранг бўлади. Шунинг учун фақат яхшиликларга интилаяпман. Келганимда ота-онамни кечиролмадим, мени бервордику, дедим. Икки ойгача бу ер менга ёқмади. Муҳитга мослашиш қийин бўлди. Кўпроқ вақтими китобга сарфладим. Соғинч бўлди, кўпроқ онамни соғинаман. Ҳар битта иш қилаётганимда онамни ҳаракатлари кўзим олдига келди. Аслида кўпроқ менга бувим қараганлар. Бувимнинг вафотидан кейин онам билан яшадим. Ўйлайман, бувим ўтганлари менга кўпроқ таъсир қилдимикан деб. Уйимизда яшаган пайтимда жудаям асабий эдим. Бақир-чақир, ручка отиш... агрессив бўлиб қолгандим, лекин ойим доим қўлладилар. Муомала билан инсон ҳар қанақа вазиятдан чиқиб кетоларкан. Тўғрилайман хатоларимни, Ҳамма каби менга ҳам кўп бор имкон берилди, ўша имкониятлардан энди тўғри фойдаланаман. Чиройли ниятлар қилишни бошладим. Келганимга 4 ой бўлганда мен ўзгара бошладим. Бошқа қизлар билан ўртоқ бўлдим. "Мен" деган қараш бор эди авваллари. Энди "биз", "бирлик" пайдо бўлди. Олдин кўп психологга қатнаганман фойдаси бўлмаганди. Бу ерда бошқа қизлар билан, тенгдошларим билан биргаликда ҳаракат қилаяпмиз, бирдамликда гап кўп экан!..
Орзуларимдан энг каттаси яхши она бўлмоқчиман, фарзандларимга тўғри тарбия бераман. Ундан олдин жамиятга фойда келтиришим ҳам керак. Бу ерга келиб ўқишга қизиқишим анча ўнгланди. Энг катта мақсадим - дадам каби шифокор бўлиш. Жарроҳ бўлиш учун биология фанини ўқияпман, ҳозирда Менделеев жадвалини ёдлаш билан бандман. Жуда кўп китоб ўқидим. 1 ойда 10 га яқин китоблар мутолааси билан банд бўляпман. Тоҳир Маликни китобларини яхши кўраман. Биламанки, "Соҳилсиз денгиз"ни ҳаётимга таъсири кўпроқ бўлди. Битта фарзандман, аввал онам бола асраб олмоқчи эканларида қаршилик қилгандим. Шукрона дафтаримга ёзиб қўйдим: Онам билан бола боқиб оламиз…
Флора Риданова, 17 ёшда. Болалар уйи тарбияланувчиси. Ҳозирда Қиз болалар ўқув-тарбия мактабида яшамоқда. Миллати арменка.
-Жуда кичиклигимдан ҳаёт синовлари мени улғайтириб қўйди. Болаликнинг энг гўзал даврларида ҳам, шодиёна, бахтли кунларимда ҳам менда қандайдир кемтиклик бўлган. Хаёлимда жавобсиз саволлар айланади, ота-онам ким, улар қандай инсонлар, майли улар мени қабул қилишмасин, майли мени тан олмасинлар, яшамасинлар мен билан, лекин барибир уларни кўргим келади. (Кейинроқ билишимизча, у онасини топган, аммо она қизини қабул қилмаган...инсоф берсин бизларга!) Шеър ёзаман, жуда кўпи онам ҳақида, кўз олдимда гавдалантираман меҳрибон бир аёлни... Авваллари Онам мени ташлаб кетгани учун кўп нафрат билан ёзганман. Ҳозир бундан хафамасман, у инсон бўлмаганда, мен бу ерда турмасдим. Шу ерда сизлар билан гаплашиб ўтиролмасдим...
Инсон фақат самимий бўлиши керак, хўп дейишни, пас келишни билиши керак экан. Мен ким биландир уришиб қолсам, уни ёмон гапларини, ҳақоратларини тескари қабул қиламан, шунга ўргандим. Уруш-жанжал билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаскан...
"Ўтиш даврим"да жиззаки бўлиб қолгандим, тарбиячиларимни гапига кирмадим. Детдом(болалар уйи)га янги қизлар келганди, менда вақт машинаси бўлганида уларга қўшилмаган бўлардим. Энг катта хатойим шу бўлди.
Орзуларим кўп. Мен психолог бўлмоқчиман. Ўзим каби оқдан қорани ажратолмайдиган қизларга ўз йўлини топиб олишларида ёрдам бераман. Энг асосийси шундай меҳрибон она бўламанки, фарзандимни ҳеч қачон ташлаб кетмайман.
Валерия Литус, 16 ёшда. Қарши шаҳрида туғилган, кейинчалик(ушбу мактабга келишидан олдин)Тошкентда яшаган. Миллати рус.
-Онам 2017 йил қазо қилдилар. Биз дадам билан бир-биримизни унчалик яхши кўролмадик. Дадамни сингиси мени Тошкентга олиб кетдилар. Аммам билан ҳам бахтли яшаб кетолмадик, у доим мени айбдор қиларди, уни яхши кўрмасдим. "Сен ёмонсан", деяверарди, дадамни шу ҳолга тушишида мен сабабчи эдим уларни назарида. Мен келажакда уларга яхши эканлигимни исботламоқчиман. Барибир ўзимда ҳам хато бўлган, энди чиқиб кечирим сўрамоқчиман. Россияда холам ва акам бор. Бу ердан чиқиб, ўқийман, режиссёр бўламан ва Россияга кетаман. Онамни эслатадиган биргина инсон холам, уларни олдиларига кетмасам бўлмайди.
Ўзим оила қуришни истамайман, керакмас деб ўйлайман. Оиламдан, яқинимдагилардан мисол... эр керакмас менга. Биринчи карьера қилмоқчиман, дунёдан изсиз ўтишни хоҳламасдим... Бизга режиссёрлар келади улардан ўрганяпман. Тил ўрганяпман. Нимадир ишим бўлмаса, китоб оламан қўлимга. Савол берсам, китоблар жавоб бераяпти менга, одамлар эмас китоб! Чиндан ҳам ўқиш менинг энг севимли хоббим. Дўстим йўқ, ҳамма яхши бу ерда, ҳамма билан яхши келишаман. Ўзбек тилини 9 ойда ўрганиб кетдим. Ўзбеклар яхши инсонлар, меҳрибон улар доим: келинг-келинг чой ичамиз, келинг суҳбатлашамиз, дейди. Биз русларда чойни қўйиб "ма ич", дейди бўлди. Ўзбеклар еганингиздан сўнг, уйга ҳам олиб кетинг, дейишади шу хислатларини жуда яхши кўраман.
Келажакда комедия фильмлар олмоқчиман. Биринчи ўзимни ҳаётимни кино қиламан. Кейинги мавзуларим ҳам қизлар ҳақида бўлади. Билмадим, негадир бу ердаги қизлар тақдир йўлини ҳаммага кўрсатишни истайман. 3 та бирга ўқийдиган қизларимиз бор эди, улардан бири Россияга кетди. Бу ерда ўқиди, ўзини ўнглаб олди, бир сўз билан айтганда, ҳаёти изга тушиб кетди... Мен ҳам бу ерда кўп нарса ўргандим, синфда энг актив қиз ўзимман. Аввал айтганимдек китоблар мени энг яқин дўстларим, улар билан сўзлашиш жуда мароқли, ишонмасангиз синаб кўринг...
Мадина АБДУСАМАДОВА,
журналист






