АсосийJamiyat

Солиқдаги иллат занжири бошида ким турибди? Ёхуд собиқ ходимнинг ўзи порахўрми ёки?

'Солиқдаги иллат занжири бошида ким турибди? Ёхуд собиқ ходимнинг ўзи порахўрми ёки?'ning rasmi

Статистик маълумотга кўра, 2020 йилда Тошкент шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан боғлиқ 32 та шахсга нисбатан 9 та иш кўрилган. Бу кўрсаткич 2021 йилда 18 та шахсга нисбатан 12 та ишни ташкил қилади. Рақамлар камайган бўлса-да, бироқ хотиржамликка берилишга шошмаслик керак. Боиси ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз ҳам – пора билан қўлга тушган 1992 йил туғилган мансабдор шахс... 

Судланувчи 2021 йилдан буён туман Давлат солиқ инспекцияси (ДСИ) Солиқ назорати бўлими камерал солиқ текширувлари шўъбасида вақтинча давлат солиқ катта инспектори лавозимида ишлаб келган. Туман ДСИ бошлиғининг буйруғига асосан у ҳамда Камерал солиқ текширувлари шўъбаси Давлат солиқ бош инспекторига МЧЖда сайёр солиқ текширувини ўтказиш белгиланади. Икки масъул эса текширув сабаб савдо дўкони таъсисчисидан пора талаб қилиш ҳақида олдиндан тил бириктиришади. Режага кўра, таъсисчини туман ДСИ биносига чақиртириб, МЧЖга тегишли савдо дўконида ўтказилаётган сайёр текширувда кирим ҳужжатлари бўлмаган жуда кўп миқдордаги маҳсулотлар аниқланаётгани, бунинг оқибатида унга нисбатан катта миқдорда маъмурий жарима қўлланиши мумкинлиги билан қўрқитишади. Ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда таъсисчидан жамиятда ўтказилаётган сайёр текширув натижаси бўйича ижобий хулоса бериш, натижада унга ва жамиятга нисбатан жуда кўп миқдорда жарима қўлланмаслиги эвазига тамагирлик йўли билан 4.000 АҚШ доллари миқдорида пора беришни талаб қилишган.

МЧЖ таъсисчиси талаб қилинган пуллардан 3.500 АҚШ долларини пора тариқасида беришга рози эканини маълум қилгач, судланувчи – мансабдор пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб, ўша вақтда савдо дўконида Давлат солиқ бош инспектори томонидан амалга оширилаётган текширишни тўхтатиб туриш учун уни ДСИ биносига чақиртириб олган.

Таъсисчининг аризасига асосан тегиш­ли органлар ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида судланувчи таъсисчидан талаб қилинган 36 932 000 сўмга тенг 3 500 АҚШ долларини пора тариқасида олган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

“ПУЛНИ БЎЛИМ БОШЛИҒИГА ОЛИБ КИРИБ БЕРИШИМ КЕРАК БЎЛГАН”

Суд мажлисида судланувчи қилмишидан пушаймонлигини билдирди...

— Бўлим бошлиғи топшириғига кўра, МЧЖда сайёр солиқ текширувини бошлаганмиз. Бу орада менга бўлим бошлиғи қўнғироқ қилиб, “МЧЖдаги текшириш нима бўлди?” деб  сўради. Бўлим бошлиғига учрашиб, баъзи бир камчиликлар борлиги, лекин ҳали текшириш ҳаракатлари давом эттирилаётганини айтдим. Бўлим бошлиғи менга “дўкон эгасига текширишни ҳал қилиб бериш эвазига 4.000 АҚШ доллари сўранг”, деди. Таъсисчи эса 3 500 АҚШ доллари бера олишини айтди. 

ДСИ олдида кўришдик ва машинамда менга пулни бериб, “санаб олинг” деди. Бардачокка солиб қўйишини кўрсатдим. Йўлда кетаётганимизда тўхтатиб, мени ушлашди. Олган 3 500 АҚШ долларини тўлиқ бўлим бошлиғига олиб кириб беришим керак бўлган.

Шунингдек, судланувчи Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда ҳам айб­ланган. У бу қилмишини судга қуйидагича изоҳлаган:

— Коронавирус инфекциясига чалиниб, уйда даволанаётган вақтимда “гашиш” гиёҳвандлик воситасидан фойдаланса, касалликни олдини олиш ва тез даволанишда фойдали эканини билдим. 0,5 грамм “гашиш” учун “PayME” хизмати орқали тўловни амалга оширдим. Менга юборилган манзилга бориб, дарахт тагидан олиб уйга қайтдим. Бир қисмини истеъмол қилиб, қолган қисмини машина кулдонига флешканинг қопқоғига солиб қўйгандим. Айбимга тўлиқ иқрорман. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. 

ҚАНДАЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ?

Баҳодир КАЮМОВ, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси:

— Судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в, г” бандлари ва 276-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. ЖКнинг 59, 61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни тўлиқ қўшиш йўли билан узил-кесил Давлат солиқ идораларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум қилинган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар