1

Мистик ҳикоя: “Жинназар”

МУТОЛАА 07.06.2016, 15:02
Мистик ҳикоя: “Жинназар”

Ушбу воқеани таҳририятга қўнғироқ қилган наманганлик мухлисимиз Зафар Абдуллаев сўзлаб берди... 

“Иккинчи ўғлимизнинг энди чилласи чиққан паллалар эди. Ҳали икки ойлик бўлмаган бўлса-да, дўмбоққина, тетиккина чақалоқ бўлгани  учун ҳамманинг эътиборини тортарди. Қайнонам раҳматли аёлимни койигани-койиган:

—  Болани ётқизиб қўйсанг бўлади-ку! Нега кўтариб кўчага ҳам чиқасан? Кўзикиб қолади.

Менинг онам эрта вафот этиб кетгани туфайли ҳар фарзандларимиз дунёга келганида қайнонамни уйга олиб келардим. Хотинимга чақалоқ анча ўзини тутиб қолгунча қарашиб кетарди. Лекин аёлим эскичага у қадар ишонмагани учун онасининг гапини қулоғига илавермасди:

—  Ая, бу дунёдан менинг боламдан бошқаси йўқми? Ҳаммада ҳам бор бола. Келиб-келиб меникига кўз тикишадими?

—   Сенинг бу боланг бошқача. Ўн ойда зўрға туғдинг. Қорнингдаёқ чилласи чиқиб кетган унинг. Кўзим тегмасин-у, уч-тўрт ойлик болага ўхшайди. Шунинг учун сал асрашинг керак.

—  Сизга қолса, мени ҳам чиқармайсиз...

“Қари билганни пари билмас”, деганлари рост экан. Қайнонам бекорга жаврамаганига ўғлимиз икки ярим ойлик бўлганида ишондик. Ўшанда қайнонамнинг укаси ўғлини уйлантираётганди. Қайнонам бир ҳафта олдин кетадиган бўлди. Қизига қаттиқ  тайинлади:

—  Менга қара, сен бормасанг ҳам ҳеч ким хафа бўлмайди. Чақалоғинг борлигини билишади. 

—  Бу нима деганингиз, ая? Тоғамникида тўй бўлади-ю, бормайманми?

—  Тоғанг энди тўй қилаётгани йўқ. Шунча қиз чиқарди, ўғил уйлади. Кўрдинг-ку!

Хотиним барибир қайсарлигига борди. Каттамизни етаклаб, кичигимизни кўтариб йўлга тушди. Мен ишдан чиқиб борадиган бўлдим. Борсам, ҳамма мени кутиб турган экан.

—  Почча, келдингизми? Хотинингизни олиб кетинг, — деди мени кўриши билан қайнсинглим.

—  Тинчликми? — сўрадим ҳайрон бўлиб.

—  Ўғлингиз сира кўнмаяпти.

“Шунга шунча ваҳимами?” дедим ўзимча. Аммо биғиллаб йиғлаётган ўғлимнинг овозидан сергакландим. Ўзини кўрганимда эса очиғи, қўрқиб кетдим. Чақалоқ қизариб, бўғриқиб кетган, тинимсиз йиғларди.

—  Дадаси уйга кетайлик, — деди кўзи менга тушиши билан йиғлагудек бўлиб хотиним.

Қайнонам ҳам биз билан бирга уйга келди. Дарров исириқ тутатдик. Қайнонам нон силадими-ей, кулни қорнига босдими-ей, ишқилиб иримларини қилди. Бола бирибир тинчланай демасди.

—  Дўхтирга олиб борайлик. Бирор жойи оғрияпти, бунинг, — тоқатсизланиб деди хотиним.

—  Дўхтирда нима бор? Мен биламан, кўзиктиргансан. Юр, Эшон қишлоқдаги муллага бориб келамиз... — жеркиб берди қайнонам.

Болани кўтариб йўлга тушдик. Мулла болани кўриб сесканиб кетди. Бош чайқаганча деди:

—  Одамнинг назарига бола бунчалик бўлмайди. “Жинназар” дейишади буни. 

Мулла болани бағрига босганча хонаси томон кетди. Хотиним эргашди. Қироат билан ўқилган дуо бизга ҳам эшитилиб турарди. Аммо чақалоқнинг овози ундан-да, баланд чиқарди. Ортиқ чидай олмадим. Тўғри уйга кирдим-у, болани олиб чиқдим. Мулла ортимдан “ҳай-ҳай”лаганча қолди. 

Бечора болагинам кўп йиғлаганидан терга пишиб ҳам кетганди. 

“Сал кийимини енгиллатиб, тоза ҳавода кўтариб турсам-чи?” деган фикр келди миямга. Сал нарида оқиб турган ариқ лабига чўкдим. Ичимда чин дилдан Худога илтижо қилдим:

“Эй, Худойим, шу гўдакка берган дардингни ўзинг ол. Мана шу оқаётган сувга сол. Узоқ-узоқларга оқизиб кетсин”...

—  Нега бу ерда тўхтаб қолдингиз? — орқамдан хотинимнинг овози эшитилди.

Аммо боланинг тинчланаётганини қайнонам сезиб, аёлимни олиб нари кетди. Мен эса қайта-қайта ичимда дуо қилдим. “Отанинг дуоси — ўқ”, дерди раҳматли онам. Деганларим етиб, бордими, ё бошқа синоат бўлдими, болам тинчланди-қолди. Буни ҳалигача на қайнонам, на мен, на аёлим изоҳлай олаймиз...

КАМИНА ёзиб олди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1