13 март Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд ва куннинг биринчи ярмида Тошкент вилояти кўплаб сой ва сел ўзанларига сел келди. Ҳудудларда ёғинлар охирги 2 соатликда чақмоқ-момақалдироқли бўлмасада, шунга қарамай, ўта тўйинган нам ҳаво оқимларидан жойларда жуда кўп ёмғирлар сел-сув тошқин ҳодисаларини келтириб чиқаришга етарли бўлмоқда.
Бу ҳақда Гидрометеорологик илмий таҳлиллар, об-ҳаво прогнозлари, тадқиқотлар, маърузалар канали муаллифи Абдулаҳатов маълум қилмоқда.
Қайд этилишича, кечга томон ва бу жойларда сел-сув тошқини билан боғлиқ кескинликлар пасаяди.
Эслатиб ўтамиз, эртага кундуз куни яна атмосферада кучли чақмоқ-момақалдироқли булутлар фаоллашиши ва улардан кучли ёғинлар кутилаётгани маълум қилинди.
"Хусусан, 14 март куни жанубдан келаётган иссиқ ҳаво тўлқини ва нам оқимлар бирлашиб, атмосферада кучли жала ёғинлар билан боғлиқ фаолликни бугунгидан кучлироқ бўлишига олиб келиши кутилмоқда. Айниқса, Қашқадарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида сел-сув тошқин билан боғлиқ ҳодисалар яна кузатилиши мумкин",-дейилади хабарда.






