Ушбу станциялар йилига 5 миллиард 600 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
Хўш улар қанча газ тежай олади?
Энергетика вазирлиги хабарига кўра, жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида Ўзбекистоннинг 3 та вилоятида умумий қуввати 684 МВт бўлган 3 та янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилди.
Хусусан, биринчиси 11 январь куни Бухоро вилоятининг Бухоро туманида қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли иссиқлик электр станцияси;
Иккинчиси, 14 январь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси;
Учинчиси, 10 март куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида қуввати 174 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилди.
Хабарга кўра, ушбу 3 та электр станция йилига 5 миллиард 600 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Қурилмаларнинг энергия тежамкорлиги ҳисобига йилига 725 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилиши айтилади.
"Тежалган табиий газ ҳисобига қўшимча 2 миллиард 700 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади",-дейилади хабарда.
Маълумот учун, март ойи якунига қадар Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қуввати 230 МВт бўлган навбатдаги, яъни тўртинчи янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилади.






