АсосийJamiyat

БМТ Ўзбекистонда мулк дахлсизлиги муаммосидан хавотирда

'БМТ Ўзбекистонда мулк дахлсизлиги муаммосидан хавотирда'ning rasmi

Шу йилнинг 22-23 феврал кунлари БМТ қошидаги Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг 71-сессиясида Ўзбекистон бўйича ҳисоботи эшитилди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар бермоқда. 

Унда ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда уй-жой ҳуқуқининг бузилиши бўйича ўзларининг муқобил ҳисоботларини тақдим этишган.  

 Ҳисоботда асосий эътибор мулк ҳуқуқининг бузилишига оид тўрт жиҳатга қаратилган:  

▪️ мулк ҳуқуқининг бузилиши;  

▪️амалдаги қонунчилик нормаларига риоя этилмаётанлиги;  

▪️ 2018-2021 йилларда фожеали оқибатларга олиб келган, давлат органлари томонидан тижорат эҳтиёжлари фойдасига оммавий кўчиришлар, ногиронларнинг уй-жой ҳуқуқларини бузишнинг аниқ ҳолатлар;

▪️ фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш бўйича тавсиялар.

Ҳисоботда сўнгги вақтларда Ўзбекистонда уй-жойларни ноқонуний бузиш, мажбурий кўчириш, уй-жойларни мулкдорларнинг розилигисиз олиб қўйиш ҳолатлари кўпайиб бораётганлиги таъкидланган.

Адлия вазирлигининг берган маълумотларига кўра: 2016-2020 йилларда уй-жойларни 846 та ҳолатда огоҳлантиришсиз бузиш, 1388 та ҳолатда огоҳлантириш шартларига риоя қилмаган ҳолда бузиш, 1244 та ҳолатда олдиндан баҳоламаган ҳолда бузиш, 430 та ҳолатда товон пули тўламаган ҳолда бузиш содир этилган.  

2016-2019 йилларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун 6 минг 479 та хусусий мулк объекти йўқ қилинди, тўланмаган товон пули 335,6 миллиард сўмга етди.  

"Кўчириш бўйича қарорлар шаҳар ёки туман ҳокимлари томонидан асосан турли тижорат лойиҳалари, кўп қаватли уйлар, меҳмонхона, савдо ва кўнгиолочар марказлар, тадбиркорлик субъектлари қуриш мақсадида қабул қилинмоқда. Ҳокимлар бундай қарорларни аҳоли ёки объект эгаларининг розилигисиз қабул қиладилар. Одамлар ўзларининг ҳаётий афзалликларига (иш, мактаб, қариндош-уруғларга яқинлик, экологик зона ва ҳ.к.) кўра танлаган уйларини тарк этишларига тўғри келмоқда” дейилади ҳисоботда.  

Ҳисоботда маданий мероснинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бир қанча ҳолатлар ҳам келтирилган.  

Шунингдек, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва қонунларни қўллашда судларнинг пассив роли ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Жумладан, “гарчи қонун хусусий уй-жойдан мажбуран чиқариб юборишни таъқиқлаган бўлса-да, судъялар қонуннинг баъзи қоидаларини изоҳлаб, мажбуран кўчириш тўғрисида қарор қабул қилишади”, дейилади.  

Ҳисоботда Уй-жой кодекси, Шаҳасорзлик кодекси талабларига риоя этилмаётганлиги ҳам қайд этиб ўтилган. Хусусан," мажбурий кўчириш ва бузиш пайтида одамлар ўртача даромаддан пастроқ яшайдиган ҳудудларга кўчирилади. Уларда ўз мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллашга молиявий ресурслар ҳам “ҳокимиятда танишлари” ҳам йўқ".

Шунингдек, ҳисоботда 2018-2021 йилларда мажбурий кўчириш ва буздириш билан боғлиқ фожеали ҳолатлар ҳам келтириб ўтилган.  

️Умуман олганда ҳисоботда Ўзбекистонда бир неча йил давомида юқори раҳбарият жумладан, Президентга яхши кўриниш илинжида одамларни норози қилиб, мулкларини буздирган амалдорларнинг ҳаракатларига баҳо берилган.  

Эътиборли жиҳати шундаки, фуқароларнинг уй-жойларини мажбурий ва айрим ҳолларда суд қарорисиз буздирган амалдорларнинг бирортасининг уй-жойлари давлат ва жамият эҳтиёжлари учун бузилишга тушмаган ёки бу ҳақида маълумот йўқ.

"Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон мулк дахлсизлиги масаласидаги ёндошувни тубдан қайта кўриб чиқиб, зудлик билан чоралар кўриши лозим. Даставвал Конституция қоидаларига зид бўлган 911-сонли ҳукумат қарори бекор қилиниши керак",–дейди Кушербаев.

    Бошқа янгиликлар