АсосийDunyo

Хитой Ўзбекистон мева ва сабзавотларини истеъмол қилувчи энг йирик мамлакатлар учлигига кирди

'Хитой Ўзбекистон  мева ва сабзавотларини истеъмол қилувчи энг йирик мамлакатлар учлигига кирди'ning rasmi

Хитойнинг «China Trade Daily» иқтисодий нашрида "Хитой ва Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги савдоси яхшиланмоқда" сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Хитой билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилаётган асосий мамлакатлардан бири  ва "Бир макон, бир йўл" лойиҳаси қурилишида иштирок этиш учун муҳим марказ экани маълум қилинган. 

"Сўнгги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги инфратузилмасига инвестицияларни мунтазам ошириб бормоқда, ирригация тизимини янгилаб, илғор қайта ишлаш технологияларини фаол жорий этмоқда", - дейилади мақолада.

Материалда таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва саноатининг қўшимча қиймати доимий равишда яхшиланмоқда. Ўзбекистон мева ва сабзавотларининг хитойлик харидорлари тобора кўпайиб бормоқда.

2020 йилда Ўзбекистон Хитойга 14 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини, асосан янги узилган ва қуритилган мевалар экспорт қилган, бу 2021 йилда 17 турга кўпайган. Жорий йил охиригача экспорт қилинадиган товарларни 20 турдан ортиққа кўпайтириш, Ўзбекистондан Хитойга мева-сабзавот экспортини ҳам икки баробар ошириш кутилмоқда.

2021 йилда Ўзбекистон Хитой бозорига қиймати 112 миллион доллардан ортиқ 100 минг тоннадан зиёд турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилди. Жорий статистика маълумотларига кўра, Хитойга Ўзбекистон мева ва сабзавоти умумий экспортининг 4,5% тўғри келмоқда, дейилади нашрда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тўсиқсиз савдо қилиш учун шароитлар фаол равишда яхшиланмоқда. Ҳозирда Хитойнинг қатор шаҳарлари ва Тошкент ўртасида авиарейслар очилган. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон халқаро юк йўли республикага қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро бозорга экспорт қилиш учун логистика ва транспорт имкониятларини кенгайтирди.

Мақолада маълум қилинишича, Ўзбекистондан Хитойга гилос, қовун, қалампир, анор, мош, кунжут уруғи, майиз, қуритилган ўрик, ёнғоқ, бодом, узум уруғлари, ерёнғоқ, асал, лимон, ўрик ва бошқа мева-сабзавотлар экспорт қилиняпти.

Бугунги кунда Ўзбекистон шафтоли, олхўри ва узум етиштириш, шунингдек, гилос, ўрик  ва олхўри сифати бўйича дунёдаги энг яхши беш мамлакат қаторига кириши қайд этилган. 2021 йилда Хитой биринчи марта Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини истеъмол қилувчи энг йирик мамлакатлар учлигига кирди, деб ёзади Хитой нашри.

Ўзбекистон Хитойга экспорт қиладиган барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орасида мошга бўлган талаб энг юқори бўлиб қолмоқда.  Мош экспорти  2019 йилдаги 28 минг тоннадан 2020 йилда  75 минг тоннага етди.

Мақолада Ўзбекистон Хитойнинг қишлоқ хўжалиги савдосини янада ривожлантириш бўйича салоҳиятли ҳамкори ҳисобланиши қайд этилган. 

    Бошқа янгиликлар