Аввал хабар берганимиздек, куни-кеча Самарқанд вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг бўлиб ўтган йиғилишида соҳада олиб борилаётган вилоят миқёсидаги ишлар қониқарли даражада эмаслиги ва бир қатор камчиликлар мавжудлиги таъкидланди. Таҳлиллар ва ўрганишлар натижаси ҳам шундан далолат бермоқда, дея хабар берди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуотот хизмати.
Статистик маълумотларга кўра, вилоятда 2020 йил давомида 176 нафар турли даражадаги мансабдор шахслар коррупцион жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 316 нафарни ташкил этган.
Уларнинг 23 нафари вилоят, 293 нафари шаҳар ва туман даражасидаги давлат идораларининг мансабдор шахсларидир.
Шунингдек, вилоятда февраль ойида 22 та коррупциявий жиноят содир этилган бўлса, март ойида 27 та, апрель ойида эса яна кўпайиш тенденцияси давом этиб, 35 та (февраль ойига нисбатан қарийб икки баробарга ошган) коррупцион жиноят содир этилган ва бу кўрсаткич билан вилоят апрель ойида энг кўп коррупциявий жиноят содир этилган 5 та ҳудуддан бири бўлган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар ойда вилоятлар миқёсидаги коррупциявий жиноятлар статистикаси, бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, аҳоли мурожаатлари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар каби маълумотлар умумлаштирилган ҳолда Ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция даражасини рейтинг баҳолаш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Ушбу йўналишларда ҳам, афсуски, Самарқанд вилоятининг аксарият кўрсаткичлари қониқарли аҳволда эмас.
Масалан, “Коррупция ҳолатларига дуч келганмисиз?” мавзусидаги сўровда “Ҳа” деб жавоб берган аҳолининг фоиз миқдори бўйича Самарқанд (24,4%) юқори кўрсаткичга эга учинчи ҳудуд саналади. Шунингдек, вилоят Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қилган (ҳар мингта одамга ўртача 52 та мурожаат) бешта ҳудуднинг бири сифатида қайд этилган. Аниқроқ айтганда, бир ой ичида шундай мурожаатлар сони 1072 тани ташкил этган.
Апрель ойида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилаётганлик эҳтимоли бўйича эълон қилинган материаллар сонининг кўплиги бўйича ҳам вилоят “етакчи” тўртталикдан ўрин олган. Бундан ташқари, мазкур ой давомида 3,2 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланган ва натижада вилоят бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ҳам энг кўп қонунбузилиши аниқланган 5 талик сафида қайд этилган.






