1

Санъаткорнинг сирли тори

МУТОЛАА 01.07.2016, 11:46
Санъаткорнинг сирли тори

Таҳририятга келган мактубларни ҳар биримиз қизиқиб ўқиймиз. Айниқса, хатда ғаройиб ҳодисалар, сирли воқеалар ёзилган бўлса. Ушбу Фарғона вилоятида яшовчи Мадамин Холёровдан келган нома ҳам ана шундай қизиқарлилиги билан барчамизнинг эътиборимизни тортди. 

Бу воқеани бизга бобом жуда кўп айтиб берарди. Гарчи такрор ва такрор эшитган бўлсак-да, ҳар сафар жимгина, катта қизиқиш билан эшитардик. Уни эшитганимиз сари уйдаги жиҳозларнинг, анжомларнинг қадрига етар, худди жони бордек авайлаб муносабатда бўлардик. Ким билсин, бобом балки бу воқеани айнан буюмларни асрашни ўрганишимиз учун айтиб бергандир? Лекин мен ҳамон унинг бўлиб ўтганига ва ҳамон шундай  ҳодисалар бўлишига ишонаман.

Тўйларга борсам, бирор санъаткорнинг қўлида тор кўрсам, дўстим Аслиддин эсимга тушади, — деб гап бошларди бобом ҳар гал. — У ҳам тўйларга қўлида тори билан борар, ширали овози билан даврага файз ва кайфият бахш этарди. Унинг илгари шунчаки хиргойи қилиб юришини билардик. Ўша чоғларда ҳам қўшиқ бошлаши билан ҳаммамиз жимиб қолар, унинг овозида афсунлангандек чайқала бошлардик. Бошида у шу ҳолда куйлаб юрди. Ҳеч бир созсиз, мусиқасиз ҳам уни тинглайдиганлар бор эди. Бир ёз ўзи таклиф этилган тўйларни шу ҳолда ўтказди. Кеч кузда эса уни бир катта ҳофиз шогирдликка олгани ҳақида эшитдик. Қиши билан у ўша кишининг уйига қатнаб соз сирларини ўрганди. Эрта баҳорнинг илиқ кунларидан бирида эса, у биз жўраларининг уйига бирма-бир кириб таклиф қилиб чиқди.

—  Кечга бизникига бор. Зўр нарса кўрсатаман. Эсингдан чиқмасин, бор. Зўр нарса бор, — дерди у ҳаяжон билан. 

Биз ҳам уни бу қадар тўлқинлантирган нарса нима эканлигига қизиқиб югургилаб бордик. Уйга киришимиз билан у оқ сурпдан ғилоф тикилган торни авайлаб қўлига олди. 

—  Ўтиринглар, энди эрталабгача қолиб кетасизлар. Тургиларинг келмай қолади, — деди у кўзлари ёниб. 

Кейин эса бизга бир-биридан ажойиб куйлар чалиб бера бошлади. Уч-тўртта таронадан кейин мусиқа жўрлигида қуйлашни бошлади. Мусиқа ва унинг овози бир-бирига шунчалар ҳамоҳанг, шунчалар уйғун эдики, маҳлиё бўлиб, маст кишидек тебраниб эшитдик. Шу-шу ҳар кеч биз унинг уйидан жой олувчи тингловчиларига айландик. Гоҳида у тонггача куйлар, чарчаш нелигини билмасди. Кейин яна ёз келди. Тўйлар бошланди. 

—  Устозим бу торни менга совға қилди. Бир умр йўлдошинг, барака ошинг  бўлсин, деди, — дея тўлқинланиб келди бир куни у.

Шундан сўнг у тўйларга торда чиқа бошлади. Ошиғи олчи бўлди. Аслиддин ҳофиз деб уни ҳурматлайдиган бўлишди. Олд санъаткорлардан бирига айланди.  Ҳамма ҳам уни ўз тўйига чақиришни истарди. 

Аслиддин машҳур ва таниқли бўлган бўлса-да, ўзини йўқотмади. Чин дилдан чақирган, бечораҳол кишиларникига пулсиз ҳам бораверарди. Топганини эса яқинлари ва ночор қишлоқдошларимиз билан бўлишарди. 

Ана шундай кунларда у ўзи сингари тўйларда қўшиқ куйлаб юрган бир йигит билан танишади. Улар дўст тутинишди, борди-келди қилишди. Буни қарангки, ўша йигит ундан бир куни торини сўрайди. Гарчи ўзида бунақа торлардан иккита-учта бўлса-да, айнан Аслиддинникини сўрайди:

—  Жўра, хоҳласанг, сенга ўрнига иккита торимни бераман. Сен менга ўзингникини бер. Меники ҳам ёмон эмас. Ишонмасанг, чалиб кўр. Сеникининг нимасидир ёқди-да!

Бу гапни эшитиб биз елка қисдик. Лекин бувиси билан яшовчи Солижон иримкашлигини бошлади:

—  Берма! Уни сенга устозинг барака ошинг бўлсин деб берган! Баракангни учирма! 

—  Унинг тори меникидан зўр. Чалиб кўрдим, — Аслиддиннинг алишгиси келаётгани юзидан маълум эди.

Хуллас, улар торларини алмашишди. Ишонасизми, ўша кундан бошлаб, Аслиддиндан омад юз ўгиргандек эди. Худди аввалгидек куйлар, тори ҳам жарангдор, лекин одамларни ўзига торгувчи нимадир йўқолгандек. Бир ой ичида у эл ичида назардан қолди. Тўйларда ўша тор алмашган ўртоғи энди бош-қош эди. 

Торидан айрилган Аслиддин ана шу тарзда обрў ва истеъдодидан жудо бўлди. Охири бу касбини ташлаб деҳқончилик қилиб кетди. Ўша-ўша биз одамлар билан бирга нимадир ҳамроҳ ва рисқининг баракачиси этиб берилишига ишондик. Агар сизга нимадир омад ва барака келтираётганини сезсангиз, асло қўлдан бой берманг.

Бобомнинг шу ҳикояси ҳамон бизга дунёнинг яна бир синоати ҳақида сўзлагандек бўлади.
КАМИНА ёзиб олди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1