1

Индиго болалар: улар коинотдан тушганми?

ЖАМИЯТ 26.05.2022, 12:43
Индиго болалар: улар коинотдан тушганми?

Дунё олимлари айни пайтда жуда катта идрок эгаси бўлган ноёб қобилиятли болаларга эътибор қаратишмоқда. Бундай ўсмирларнинг ўзига хос иқтидорини ирсият билан ҳам, таълим-тарбия билан ҳам асослаб бўлмайди... 

Узоқ вақтгача бу болалар “Қуёш болалари”, “тефлон болалари”, “нур авлодлари”, “минг йиллик болалари” каби номлар билан аталиб келинган. 1982 йилда эса экстрасенс Нэнси Тэпп ўзининг “Ранглар ҳаётни анг­лашга ёрдам беради” номли китобида ғаройиб иқтидорга эга ўсмирлар аураси одатдагидек сариқ эмас, тўқ кўк – индиго рангида бўлишини ёзган ва ке­йинчалик булар “индиго болалар” деб атала бошлаган.

Индиго болалар оддий болалардан жуда фарқ қилади. Улар турли муаммоларнинг янги, оқилона ечимларини кўра олади, аммо уларнинг дунёни анг­лаш усуллари умумэътироф этилган меъёрларга зид. Шунинг учун одамлар уларни тушунишмайди ва улар жамиятда илдиз отиб кетишга қийналишади. 

Бундай болалар табиат ва ҳайвонларни жуда яхши кўришади, одамларга яхши муносабатда бўлишади. Аммо улар ҳамма каби бўлишга мажбур эмас. Улар дунёни ривожлантиришнинг янги усулларини топиш, уни ўзгартиришга ёрдам беришлари мумкин.

Эркинлик — ривожланишнинг муҳим шарти

Индиго болалар жуда ривожланган сезгига эга ва унинг ёрдами билан баъзида ғаройиб қарорлар қабул қилишади. Бундай болаларга оилада “у ёки бу тўгаракка ва репетиторга борасан” деб босим ўтказиш нотўғри. Чунки индиго болалар учун танлаш эркинлиги ривожланишнинг асосий шартидир.

Индиго болалар тенгдошлари даврасида вақт ўтказишдан ўзини тортишади, улар биринчи навбатда, ўзлари учун маълум йўналишни танлаб, шу йўналишда ривожланади. Шуниси ҳам борки, анъанавий таълим усуллари уларни ривожлантиришда яхши самара бермайди. 

Бугунги кунда “индиго”лар сони қанча?

Алоҳида қобилиятга эга инсонлар ҳамма вақт бўлган лекин кейинги йилларда улар кўпайгани кузатилмоқда ва бундайларга жамият эътибор қарата бошлади. Маълумотларга кўра, бугунги кунда ҳар 10 та боладан биттаси ўзига хос қобилият билан туғилмоқда.

4 ёшли рассом

Масалан, америкалик Акиане Крамарик 4 ёшидан ажойиб картиналар чизади ва фалсафий достонлар ёзади. Унинг картиналари аукционларга қўйилиб, қиммат нархларда сотилган. 

Ўзбекистонлик индиго

Тошкент вилоятидан бўлган Чориева Чарос 2 ёшда алифбони тўлиқ билган ва 2 ярим ёшида китоб ўқишни бошлаган. Жажжи қизалоқ харитадан Ўзбекистон шаҳарларини топа олиши билан барчани ҳайратга солган. Ҳозирда у 1-синфда ўқияпти. Хотираси кучли бўлганидан шеърларни битта ўқишда ёд олади, айни пайтда у бир неча тилни мустақил ўрганмоқда.

9 ёшли совриндор

Ялталик Ника Турбина 4 ёшида шеър ёзишни бошлаган ва 9 ёшида унинг “Қораламалар” номли илк китоби чоп этилган. Бу китоб дунёнинг 12 та тилларига таржима қилинган бўлиб, муаллиф бу китоби учун нуфузли мукофотни қўлга киритган. 

120 тилни билган қизалоқ

Яна бир анапалик индиго қиз Наташа Хлебникова 16 ёшида кутилмаганда 120 тилда гап­лаша бошлаган. Бу ҳолат қизча ҳушидан кетиб уйғонганида содир бўлган. Қизиғи, у ўзининг ҳаётда аввал ҳам 120 марта яшаганини эслаган. Бир нечта тилшунослик олийгоҳлари тадқиқот ўтказиб, бу қизнинг кўп тилларни билишини тасдиқлашган.

Нигоҳ ва қўллар шифоси

Яна бир хусусиятли индиго болалар тафаккурини қўл ва бармоқларига юбориб, силаш ва уқалаш ёрдамида одамларни даволаши мумкин.

🔵 Канадалик Мэй Уилсонда 10 ёшида ирода кучи ва нигоҳи ёрдамида жисмларни силжитиш қобилияти пайдо бўлган. Сўнг у қўллари ёрдамида одамларни даволай бошлаган.

🔵 Санкт-Петербурглик Серёжа Краснов 3 ёшлигида китобга қўлини қўйиб, уни ҳатто очмасдан ўқий олиши маълум бўлган. 

🔵 Странсклик “рентген-қизча” Наташа Демина одамларнинг ички аъзоларини кўра оларди ва улардаги касалликларни аниқ ташхислаб берарди. Британиялик мутахассислар текшириб, унинг бу иқтидори тўғрилигини тасдиқлашган.

🔵 Новосибирсклик Ярослава Паздер 10 ёшида тафаккур кучи ва қўллари ёрдамида беморларни даволаб, ҳаммани ҳайратга солган. Бундан ташқари, бу қизча йўқолиб қолган одамларни топишга ҳам ёрдам берган. Унинг олдига доим изсиз йўқолган инсонларнинг яқинлари ёрдам сўраб келишарди.

🔵 Австралиялик 8 яшар Аэлита Андрэ бетакрор расмлар чизишни 10 ойлигида бошлаган.

“Оқ қарға” бўлиш осонми?

Афсуски, узоқ йиллар давомида ноодатий қобилиятли болаларга алоҳида хусусиятлари қувонч олиб келмаган. Негаки уларни тушуниб бўлмайди, чунки улар одатдаги қонун-қоидаларга бўйсунишмайди, ҳатто аксарияти оддий мактабда ўқишни хоҳлашмайди.

Ўзларини худди ғойибдан нимадир бош­қариб тургандай тутишади. Уларда ўзига хос одатлар мавжуд: тунда кўп уйғонишади, фалсафий китобларни ўқишади, ўта қайсар, мустақил бўлишни хоҳлашади.

Улар соғломми ёки касал?

1980 йилларнинг ўрталаригача бундай болаларга диққат сустлиги ва ўта жиззакилик ташхиси қўйилган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, даҳолик қобилиятига эга болаларда миянинг ўнг ва чап ярим шарлари бир вақтда ишлайди. Мия ярим шарларининг бири мантиқ ва таҳлил учун жавоб беради, иккинчиси эса заковат ва ижодий салоҳиятни белгилайди. Айнан шу мувофиқлик одамга ажойиб имкониятларни беради. Бундай инсонлар ўз мия захирасининг 15 фоизини ишлата олишади (оддий одамлар эса кўпи билан 7 фоизидан фойдаланади).

Генетик таҳлил натижаси

Индиго болаларни генетик таҳлил қилиш бошқа болалардан фарқини аниқлашга ёрдам берди. Маълумки, одамда ҳар бир ДНК ҳужайраси 64 кодондан (генетик код бирлиги) ташкил топган, улардан 20 таси фаол ишлайди. 1984 йилда индиго бола устида олиб борилган тажрибалар шуни кўрсатдики, унда 24 та кодон фаол ишлар экан. Кейинчалик олимлар 28 ва 32 та кодон фаол бўлган индиголарни аниқлашди. Уларнинг иммунитети ҳам кучли бўлиб, организмига ҳар хил вирус ва микроблар таъсир қилмас экан. Яъни бундай болалар касалга чалинмаслиги маълум бўлди!

Шунингдек, 1990 йилларда туғилган айрим индиголарда “магнит” тортувчанлик аниқланган. Уларнинг танасига қошиқ, вилка ва ҳатто дазмол каби металл жисмлар ёпишиб қолади. 

Назария ва тахминлар

Бир гуруҳ олимлар фикрича, бундай болалар инсоният тамаддуни натижасида бунёд бўлган ва ҳеч қандай фазо­вий кучларнинг уларга алоқаси йўқ.

Бошқа бир тахминларга кўра, индиго болалар туғилишига фазовий жисмлар ва асосан Уран сайёраси таъсир кўрсатади. Бу сайёра буржлараро ҳар 84 йилда айланиб чиқади ва ҳар бир бурж ҳудудида тахминан 7 йил бўлади. Энг кўп иқтидорли болалар туғилиши айнан ўша йилларга тўғри келади.

2012 йилда индиголар туғила ­бошлаган: Улар кимлар?

Масалан, заковатли болалар дунёга келиши чўққига чиққан аввалги даври ўтган асрнинг 1927-1935 йилларига тўғри келган. Шу йилларда туғилганлар орасидан жуда кўп Нобель мукофоти совриндорлари етишиб чиққан. Орадан 84 йил ўтиб, 2012 йилда бу жараён яна бошланган. 

XIX асрдаги омадли етти йилликда, яъни 1843-51 йилларда туғилган индиголар сафида таниқли файласуф Фридрих Ницше, машҳур мусаввир Поль Гоген, ажойиб шоир Поль Верлен ва бошқалар бўлган. 

Аммо асосийси, ҳар иккала назарияни маъқулловчи олимлар гуруҳи битта фикрни қўллаб-қувватлайди. Хулоса шундан иборатки, оламда янгича тафаккурга эга инсонлар пайдо бўлмоқда.  Ва бундай ғайриоддий онг ва қобилиятга эга инсонлар туғилиши кейинчалик бора-бора оддий ҳолатга айланиши мумкин.

Энди инсоният олдида бир масала турибди: бундай ўзига хос қобилиятли болаларни аниқлаш ва уларнинг иқтидорини жамият тараққиётига хизмат қилдириш. Бу йўналишда юртимизда ҳам изланишлар олиб борилмоқда.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 26 май, 21-сон

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1