АсосийJamiyat

Тошкентда ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

'Тошкентда ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилди'ning rasmi

Пойтахтимиздаги замонавий клиникалардан бирида ноёб кардиожарроҳлик операцияси ўтказилди. Бор-йўғи етти сантиметрлик кичик кесма орқали кам инвазив усулда ва оғир жароҳатларсиз 72 ёшли беморнинг аорта клапани алмаштирилди, дея хабар бермоқда ССВ.

Бироқ бу галги операциянинг ноёблиги бунда эмас! Чунки кам инвазив муолажа — тиббиётда аллақачон кенг оммалашаётган усул. Аорта клапанини алмаштириш амалиёти ҳам кардиохирургияда кўп йиллардан бери мавжуд.

Хўш, унда янгилик нимада?

Биринчи янгилик — беморнинг аортасига ўрнатилган мосламада! Уни “келажак авлод клапани” ёки “чок тикилмайдиган клапан” (аортага тикилмайди!) деб аташ мумкин. Ушбу мослама организмда 10-15 йил бенуқсон ишлайди. Асоратлари эса жуда кам.

Иккинчи янгилик — мазкур клапанни ўрнатиш учун анъанавий операциядаги сингари танани очиб, 1,5-2 соат давомида юракни тўхтатиб қўйиш шарт эмас. Бу жараён учун атиги 10-15 дақиқа кифоя.

Учинчи янгилик — операциядан бир кун ўтибоқ бемор бемалол юра олади. Жароҳатлар битиши учун жуда кам вақт талаб этилади. “Ёнбошламанг”, “Қимирлаш мумкин эмас”, “Ўзингизни зўриқтирманг”, деган тақиқлар бўлмайди. Бемор аввалгидек “суягим битсин” деб ойлаб корсет тақиши ҳам шарт эмас. Қисқа қилиб айтганда, реабилитация жараёни тез ва осон кечади.

Ниҳоят тўртинчи ва муҳим янгилик — бундай мураккаб ва ноёб операцияларни ўтказишга барча кардиохирурглар ҳам жазм эта олмайди. Юксак билим ва салоҳият ҳамда кўп йиллик тажриба бу жараёнда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шу боис ушбу юқори технологик амалиётга Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон-томир жарроҳлиги марказида узоқ йиллар тажриба орттириб қайтган малакали кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор ҳамюртимиз  Рустам Ёрбеков бошчилик қилди.

Рустам аканинг қайд этишича, у мамлакатимиздаги фаолияти давомида 4,5 мингдан зиёд операцияларда иштирок этди. Аммо улардан 28 таси Ўзбекистонда илк бор бажарилган ноёб амалиётлардир.

— Авваллари мамлакатимизда бундай инсонлар ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган, — дейди Р. Ярбеков. — Қолаверса, дунёнинг энг ривожланган давлатлари клиникаларида ҳам бу сингари операциялар ҳар доим муваффақиятли ўтказилмаган. Энди эса Ўзбекистон тиббиёти янги босқичга кўтарилиши, хусусан, кардиохирургия соҳасига илм-фаннинг сўнгги ютуқлари кенг татбиқ этилиши юртдошларимизни узоқ йўл босиб, катта маблағ сарфлаб хорижий мамлакатларда даволаниш ташвишидан халос этди, - дейди шифокор.

    Бошқа янгиликлар