Хабарингиз бор, атоқли фермер ва жамоат арбоби бугун тонгда оламдан ўтди. Унинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов, А.Арипов, Ш.Ғаниев, Х.Бозоров, А.Ҳайитов ҳамдардлик билдирган эди.
Ҳозиргина Давлат раҳбари марҳуманинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари, хусусан, Фарғона вилояти фаолларига ҳам ҳамдардлик йўллади.
"Бугун халқимиз оғир жудоликка учради",-дейди Мирзиёев сўзи аввалида.
"Ўзининг бутун онгли ҳаёти ва фаолиятини она Ватанимиз равнақига, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига бағишлаган фидойи инсон, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати, таниқли жамоат арбоби Лолахон Муродованинг бевақт вафоти ҳақидаги хабар барчамизни чуқур қайғуга солди",-дейди у.
Президент бутун ҳаётини эл-юртга сидқидилдан хизмат қилишга, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада юксалтиришга бағишлаб, ўзининг ҳалол меҳнати, ғоят серқирра фаолияти билан халқимиз ўртасида жуда катта ҳурмат-эътибор қозонган бу фидойи инсон барча учун чинакам ибрат намунасига айланганини таъкидлаб ўтади.
"Лолахон опа деҳқончилик илмининг чуқур билимдони сифатида Марказий Фарғона ҳудудида жойлашган қўриқ ерларни ўзлаштиришда катта жонбозлик кўрсатиб, қумлоқ ерларда пахта ва ғалладан юқори ҳосил олишга эришди.
У хўжалик раиси сифатида янги ерлар очиш, сув чиқариш, ҳосилдорлик салмоғини йилдан-йилга ошириш борасида кўплаб юқори натижаларни қўлга киритди. Кейинчалик ўзи бошчилик қилиб келган жамоа хўжалиги негизида “Нурли обод” фермер хўжалигини ташкил этиб, ўтган йиллар мобайнида фермерлик фаолиятида улкан ютуқларга эришди ҳамда мамлакат миқёсида энг илғор ва ташаббускор фермерлардан бири сифатида довруғ қозонди.
Айтиш жоизки, Лола Муродова ер билан тиллашган, ҳар бир бошоқ ғалла, ҳар бир чаноқ пахта билан сирлашган, аёл боши билан чўлларни обод қилган, умрини халқимизнинг дастурхонини тўкин-сочин қилишга бағишлаган заҳматкаш ва миришкор деҳқон эди.
Шу маънода, Лола опа қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз мактабини яратган ҳақиқий ўзбек деҳқон аёли тимсолига айланиб, давримизнинг чинакам қаҳрамони сифатида яшади.
Унинг босиб ўтган сермазмун умр йўли ҳақида у ҳаётлик давридаёқ кўплаб бадиий асарлар, фильм ва спектакллар, достонлар яратилди. Бу мўътабар аёл сиймосида чинакам фидойи ва заҳматкаш ўзбек хотин-қизларининг юксак ибрат намунаси намоён бўлди.
Лола Муродова давлатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари учун мустақиллик йилларида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган, 2019 йилда эса “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвонига сазовор бўлган эди.
У киши Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам ҳар томонлама фаол иштирок этди",-дейди давлат раҳбари ёдга олиб.
Она Ватанга чексиз садоқат билан, сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиб, эл-юрт ўртасида катта обрў-эътибор қозонган Лолахон Муродованинг тантилик, камтаринлик каби олижаноб фазилатлари, ўз касбига туганмас меҳр-муҳаббати ва нурли сиймоси бутун халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолади, дея билдиради Мирзиёев.
"Ушбу мусибатли кунда марҳумнинг барча оила аъзолари ва яқинларига ҳамда Фарғона аҳли фаоллари ва кенг жамоатчилигига чуқур таъзия билдириб, Яратгандан уларга сабр-тоқат тилаймиз. Аллоҳ барчамиз учун қадрли бўлган Лолахон Муродованинг охиратини обод қилсин",- деб сўзига якун ясайди Ўзбекистон Республикаси Президенти.






