Аввал хабар қилганимиздек, Президентнинг «Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 258-сонли қарори билан ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга бир марталик ёрдам берилади. Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси мазкур Қарор бўйича қўшимча шарҳ берди.
Маълум қилинишича, мазкур қарорга мувофиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг қуйидаги қатламларига ва қуйидаги миқдорларда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:
а)пенсия ва нафақа олувчиларга - 300 минг сўмдан (Тошкент шаҳрида 400 минг сўмдан):
ёшга доир пенсия ва нафақа олувчиларга (3087,6 минг киши);
меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик пенсия ва нафақа олувчиларга (459,4 минг киши);
болаликдан ногиронлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир оила аъзосига (311,7 минг киши);
боқувчисини йўқотганлик пенсия ва нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир оила аъзосига (360,9 минг киши);
ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши учун нафақа олувчиларга (25,6 минг киши).
б) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақа ва моддий ёрдам олувчиларга - 200 минг сўмдан;
кам таъминланган сифатида болалар нафақаси олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига (4565,0 минг киши);
кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга (84,1 минг оила).
Шу билан бирга қарорга мувофиқ бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлаётган шахсларга моддий ёрдам ҳар бир тури учун тўлаб берилади. Яъни бир оилада ҳам ногиронлик нафақаси ҳам “Ягона ижтимоий ҳимоя реестр” орқали кам таъминланган болалар нафақаси тайинланган болалар бўлса, уларга бир марталик моддий ёрдам икки томонлама берилади.
Ушбу қарор билан 8,9 млн аҳолини қамраб олади ва республика бюджетидан жами 2,2 трлн сўмлик ёрдам кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли орасида ҳаммага пул тарқатиляпти экан деган, хабар тарқалиши ортидан Халқ банки кассалари олдида одамлар тўпланмоқда. Куни кеча АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу хабарлар асоссиз экани маълум қилинди.






