Бугун, 31 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йилдаги ҳамда 2022 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқмоқдалар. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Палата Спикери Нурдинжон Исмоилов ялпи мажлисдаги кириш нутқида парламент кун тартибидаги муҳим масалалар, хусусан депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолияти доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда қуйи палатанинг кўриб чиқишида жами 28 та қонун лойиҳаси бўлиб, улардан 5 таси биринчи ўқишга, 18 таси эса иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.
Спикер ўз нутқида, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнининг ҳуқуқий асосларини таъминлашда парламент аъзоларининг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолиятини янада жонлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Қонунчилик палатаси Спикери қуйи палатада кўриб чиқилиши режалаштирилаётган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасига тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ энг муҳим масалаларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, бугунги кунда қонун лойиҳасини қуйи палатанинг навбатдаги мажлисларида кўриб чиқиш учун барча зарур маълумотларни йиғиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазири Тимур Ишметов ахборот тақдим этди.






