Призидент матбуот котибининг хабар беришича, давлат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда хонаки товуқларни кооперация асосида боқишни кенгайтириш вазифаси қўйилган.
Шавкат Мирзиёев Нуробод тумани тажрибасини мисол қилиб келтирди.
Ушбу туман ўзини тухум ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш билан бирга, Самарқанд шаҳри, Пастдарғом ва Каттақўрғон туманларига ойига 140 мингта тухум етказиб бермоқда.
Мазкур тажрибани ўзининг тухум ва парранда гўштига эҳтиёжини қопламайдиган 50 та туманнинг 200 та маҳалласида йўлга қўйишга топшириқ берилди.
Президент қарори билан чорвачилик хўжаликларига:
- гўштнинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган субсидия 2 минг сўмдан 4 минг сўмга, сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилди;
- олиб келинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси барча тўловлардан озод этилди;
- соҳага 170 миллион доллар имтиёзли кредит линиялари очилди;
- 200 минг гектардан зиёд пахта ва ғалла майдонларига озуқабоп экинларни алмашлаб экиш белгилаб олинди.
Шунингдек, Президент Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳокимларига қатъий огоҳлантириш берди.






