АсосийJamiyat

Қашқадарёдаги ҳарбий қисмда вафот этган аскар иши Бош прокуратура назоратига олинди

'Қашқадарёдаги ҳарбий қисмда вафот этган аскар иши Бош прокуратура назоратига олинди'ning rasmi

Кун.уз сайтида 8 апрель куни Қарши туманидаги ҳарбий қисмга хизматни ўташ учун юборилган аскар Руслан Қидиралиев уйига тобутда қайтгани ҳақида мақола эълон қилинди. 

Маълум қилинишича, суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида 18 яшар аскарнинг ўлимига “юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози” сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда “ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши” кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.

Аммо бунга ишонмаган марҳумнинг ота-онаси журналистлар орқали ҳақиқатни юзага чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Улар экспертиза хулосаларида келтирганидек, йигитда қандайдир сурункали касаллик бўлганида бу ҳарбий хизмат олди ўтказиладиган тиббий кўрикда аён бўлган бўлиши  ва уни ҳарбий хизматга олишмаслигини таъкидлашмоқда. 

Марҳумнинг яқинлари келгусида бу каби фожиалар такрорланмаслиги учун ҳам фарзандлари билан рўй берган ҳолат ипидан игнасигача текширилиши, иш ёпди-ёпди бўлиб кетмаслиги, агар ҳарбий қисмдаги муҳит чиндан расво бўлса, уни яхшилаш чоралари кўрилиши, бошқалар бундан азият чекмаслигини исташмоқда.

Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Қарши ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Мазкур ҳолат синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилади ва натижаси ҳақида қўшимча хабар қилинади, – дейилади Бош прокуратура муносабатида. 

    Бошқа янгиликлар