Жорий йил туркий давлатларда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган эди. Шу муносабат билан жорий йилнинг 3-4 июнь кунлари Бухоро шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг IV "Ёш лидерлар форуми" ўтказилади, дея хабар бермоқда вилоят матбуот хизмати.
Қайд этилишича, мазкур “Ёш лидерлар форуми” 2018 йилдан буён туризмни ривожлантириш, давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш мақсадида анъанавий тарзда ўтказилиб келинади. Шу кунга қадар ушбу форум Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларида ўтказилган.
Форумда илк маротаба Бухоро шаҳри “Биринчи туркий дунё ёшлар ташаббуслари пойтахти” деб тантанали равишда эълон қилиниши, Ёшлар марказида эса “Бухоро шаҳри биринчи туркий дунё ёшлар ташаббуслари пойтахти” монументи ва “Туркий дунё ёшлари боғи” очилиш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган.






