Кеча, 3 июнь куни Ўзбекистон миллий валютаси – “сўм”нинг рамзи тасдиқлангани эълон қилинди. Бунинг ортидан рамз “IN-CORE systems” француз компаниясининг логотипидан ўғирлангани ҳақида кескин мунозаралар бошланди. Ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги муносабат билдирди.
Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ушбу ҳолатга интеллектуал мулк объектидан, хусусан, товар белгисидан ноқонуний фойдаланиш сифатида баҳо берилмоқда.
Адлия вазирлигининг қайд этилишича, “IN-CORE systems” компаниясининг белгисига ўхшаш бўлган белгилар дунёнинг бир қатор давлатларида (АҚШ, Канада, Жанубий Корея, Италия, Германия ва Ҳиндистон) ҳам фойдаланиб келинади.
“Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси территориал (ҳудудий) характерга эга. Бошқача айтганда, интеллектуал мулк объекти маълум бир давлат ҳудудида ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланади. Шу жумладан, товар белгиси ҳам тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ҳуқуқий муҳофазага эга бўлади”, дейилади вазирлик муносабатида.
“Ушбу ҳолатга муаллифлик ҳуқуқи нуқтаи назаридан қаралса, адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида Берн конвенцияси ва миллий қонунчилигимизга мувофиқ муаллифлик ҳуқуқи яратиш факти бўйича юзага келади ва унинг юзага келиши ҳамда амалга оширилиши учун рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар) муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди.
Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур белгини товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ва муҳофаза қилиш мақсадида Интеллектуал мулк департаментига мурожаат қилинмаган. Агар ушбу белгини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Интеллектуал мулк департаментига мурожаат қилинса, ҳолат экспертлар томонидан тўлиқ ўрганилиб, тегишли тартибда хулоса берилади”, дейилади вазирлик изоҳида.






