АсосийJamiyat

Ҳаж нархи нега қимматлашганига изоҳ берилди. Унга кўра...

'Ҳаж нархи нега қимматлашганига изоҳ берилди. Унга кўра...'ning rasmi

Аввалроқ Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизматининг хабарига кўра, "Ҳаж-2022" мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланганлиги ҳақида маълум қилган эдик.

Ушбу хабар кўпгина ижтимоий тармоқларда ҳам кенг тарқалиб, аҳолининг эътирозларига ва кўплаб саволларига сабаб бўлди. Кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган нарх юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати қуйидагича изоҳ берди:

Биринчидан, “Ҳаж-2022” мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм сўм этиб белгилангани ва ушбу тўловга нималар кириши ҳақида тўхталиб ўтсак.

Аввало, Саудия ҳукумати томонидан Ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинганини, шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошганини айтиб ўтиш лозим.

Қолаверса, Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган.  Шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.

Ўрганишлар натижасида айрим давлатларда ҳаж сафари учун “Иқтисодий”, “Люкс” ва “VIP” пакетларда хизмат кўрсатилмоқда.

Энг эътиборли жиҳати – Ўзбекистон томони Саудия билан олиб борилган узоқ музокаралар натижасида зиёратчиларимиз учун иқтисодий пакет нархига люкс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришди ва тўлов учун ўрта нархни белгилади.

Эслатиб ўтамиз, айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг АҚШ долларигача этиб белгиланган.

Иккинчидан, юртдошларимиз жорий мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар. Аслида, мазкур меҳмонхоналар люкс даражасида хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналар сирасига киради. Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида яшайдилар.

Ушбу меҳмонхоналар юқори сиғимли экани, муқаддас қадамжоларга яқинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси барча ҳожиларимизни бир вақтда жойлаштириш имкониятига эга.

Учинчидан, юртимиз зиёратчиларининг сафар давомийлиги айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14-17-20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам, табиий равишда, нархларга ўз таъсирини кўрсатади.

Тўртинчидан, яна бир муҳим жиҳат – жорий Ҳаж мавсумида Саудия ҳукуматининг қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигининг “Ҳаж электрон портали” орқали белгиланган тартибда амалга оширилди. Ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилади.

Бешинчидан, жорий мавсумда машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Шундай бўлса-да, иқтисодий пакет олинди ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилди.

Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлсалар, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмаса-да, юртимиз зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқатлар тортиқ этилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Олтинчидан, Ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагилар киради:

  • Ҳаж визаси;
  • Авиабилет;
  • Шаҳарлараро (Мадина-Макка-Жидда) транспорт хизмати;
  • Мадина шаҳрида “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхонаси;
  • Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
  • Макка шаҳрида “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси;
  • Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
  • 24 соат тиббий хизмат;
  • Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
  • 24 соат транспорт хизмати;
  • 3 маҳал иссиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
  • Ҳаж қўлланмаси;
  • Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
  • «Замзам» суви (5 литр);
  • Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
  • Мадинаи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс;
  • Қурбонлик.

Юқоридагилардан ҳам англаган бўлсангиз, бу йил зиёратчиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бунинг учун барча куч ва имконият сафарбар этилган, дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар