2022 йилнинг 14 май куни ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва ИИО ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида вояга етмаган қизларга ноқонуний равишда диний таълим бериб келган фуқаро аниқланди. Бу ҳақда Сурхондарё АОКА матбуот котиби хабар қилди.
Хусусан, Денов шаҳри “Оловуддин” маҳалласида яшовчи 1991 йилда туғилган аёл тегишли рухсатсиз яшаш хонадонида ҳужра ташкил қилиб, 2005–2011 йиллар оралиғида туғилган 6 нафар вояга етмаган қизларга диний сабоқ бериб келган.
Қизлар орасида нафақат “Оловуддин” маҳалласи, балки қўшни “Юрчи”, “Шакарқул”, “Водий” маҳаллаларидан келганлар ҳам бор. Улар ушбу ҳудудлардаги умумтаълим мактабларининг 4-10 синф ўқувчилари ҳисобланади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиши белгилаб қўйилган, дейилади хабарда.






