АсосийJamiyat

Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси буюртмачилиги асосида ўтказилган 470,6 млн. сўмлик танлов бекор қилинди

'Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси буюртмачилиги асосида ўтказилган 470,6 млн. сўмлик танлов бекор қилинди'ning rasmi

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига келиб тушган мурожаат асосида Қибрай туман тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида 470,6 млн. сўмлик иссиқ овқат билан таъминлаш юзасидан аутсорсинг хизмати учун ўтказилган танлов ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги  Ахборот хизмати маълум қилди.

Ўрганиш мобайнида танловда харид комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 16-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасидаги ташкилотларда аутсорсинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги” Низом талаблари бузилганлиги аниқланган.  

Бундан ташқари, қайд этилишича, танлов  3 нафар комиссия аъзоларининг иштирокисиз ва хабарисиз уларнинг электрон рақамли имзосидан фойдаланган ҳолда сунъий равишда ўтказилганлиги маълум бўлган.  

Мазкур ҳолатлар юзасидан харид комиссиясининг қарори (йиғилиш баёни) ва шу асосида танлов ғолиби билан тузилган шартномаларни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича Қибрай тумани тиббиёт бирлашмасига жорий йилнинг 31 май куни тақдимнома киритилган.

Шунингдек,  юқорида қайд этилган қонунбузилиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган.

Маълум бўлишича, агентлик тақдимномаси жорий йилнинг 3 июнь куни Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси харид комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, танлов баёни ва ғолиб билан тузилган шартномани бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

    Бошқа янгиликлар