АсосийJamiyat

Оҳангаронда ҳайдовчининг ўлимига ЙПХ инспектори сабаб бўлгани ростми?

'Оҳангаронда ҳайдовчининг ўлимига ЙПХ инспектори сабаб бўлгани ростми?'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда "Оҳангаронда ҳайдовчи ЙПХ инспектори томонидан калтакланди ва вафот этди" изоҳи билан тарқалган хабарлар ёлғон, дея изоҳ бермоқда ИИББ матбуот котиби.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 20 май куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Ўзар қишлоғи ҳудудидан ўтган “Нурафшон-Оҳангарон” автомобиль йўлининг 52 км.да Оҳангарон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, “ВАЗ-2121” русумли давлат рақами 10 Н 526 ЕА бўлган автомашина ЙҲХБ инспекторлари томонидан текшириш учун тўхтатилганида, ҳайдовчи 1995 й.т. Ғ.Ш.нинг автотранспорт бошқариш учун меъёрий ҳужжатлари йўқлиги аниқланган.

Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 135-моддаси 1-қисми билан электрон маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани вақтинчалик жарима майдонига жойлаштириш учун Оҳангарон тумани Ойбулоқ қишлоғи ҳудудида ЙҲХБ инспектори бошқарувида ҳаракатланиб кетаётганида, автотранспорт олд ўриндиғида ўтирган ҳайдовчи Ғ.Ш. автранспорт эшигини очиб, ўзини автомашинадан ташлаб юборган. ЙҲХБ инспекторлари томонидан ҳайдовчи Ғ.Ш.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига етказилганда, унга “Бош мия очиқ жароҳати, бош мия қон қуйилиши оғир ҳолати, бош мия силжиб синиш” ташхиси қўйилган.

Жорий йилнинг 6 июнь куни соат 23:00 ларда фуқаро Ғ.Ш. Тошкент шахрида жойлашган 39-сонли шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Хабарда айтилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан текширув ўтказилмоқда.

Ижтимоий тармоқ фаолларидан ҳолат тўлиқ ўрганилиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар, “ҳайдовчи аёвсиз калтакланган” каби ёлғон маълумотларни тарқатмаслигини сўраймиз, дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар