Навбаҳор тумани ва Бухоро шаҳрида ишга қабул қилиш ва хорижий давлатга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Хабарда айтилишича, Департамент ҳамда ДХХнинг Навоий вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Навбаҳор туман Тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими бошлиғи Х.М. фуқаро Ш. ни ушбу бирлашмага фельдшер вазифасига ишга киритиб қўйиши эвазига 7 млн. сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Шунингдек, Департамент, ДХХ ҳамда ИИБнинг Бухоро вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро У.Э. бошқа бир фуқаро Д. нинг ишончига кириб, ўзи ва синглисини танишлари ёрдамида Жанубий Корея давлатига ишга юбориш масаласини 9,6 минг АҚШ долларига келишиб, шундан 600 АҚШ доллари ва 1 млн. сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






