Бугун, 9 июнь куни Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги савдо дўконоарида ёнғин юз берди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Оқдарё тумани “Лойиш” МФЙ А. Темур шоҳкўчасида жойлашган савдо дўконларида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида соат 03:50 да туман ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 7 та ёнғин-қутқарув гуруҳи ва битта ёрдамчи автомашина (камаз) соат 03:56 да воқеа жойига етиб бориб, соат 04:45 да бино қуршаб олинган ва соат 05:37 да ёнғин бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида мебель, хўжалик моллари ва озиқ-овқат дўконларининг тахминан 200 квадрат метр майдонида шифт, том ва жиҳозлар ёниб зарарланган.
“Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафтада Самарқанд вилоятида ёнғин билан боғлиқ кетма-кет 3 та ҳолат қайд этилди. Хусусан, 7 июнь куни Самарқанд шаҳридаги 2 та МЧЖ биносида, 8 июнь куни Оқдарё туманидаги “Қанғли” қабристонида ёнғин чиққанди. Бундан ташқари, 5 июнь куни Нарпай туманидаги деҳқон бозорида ҳам йирик ёнғин содир бўлган.
09.06.2022 18:51
Самарқанддаги савдо дўконларида яна ёнғин чиқди






